«Майдалашма, президент кенг феъл бўлиши керак». Алмазбек Атамбаев Жапаровга жавоб берди

418

Собиқ президент Алмазбек Атамбаев 28-мартда давлат раҳбари Садир Жапаровни «Қўйтош воқеаси» бўйича суд мажлиси ҳақидаги билдирувига жавоб берди. Атамбаевнинг ёзма жавобини адвокати Замир Жоошев Фейсбук саҳифасига жойлади.

Жапаров 25-мартда Фейсбук саҳифасига Атамбаевни Бишкекнинг Биринчи май туман судидаги мажлисига қатнашишдан бош тортганини танқид қилиб пост ёзган. Унда давлат раҳбари Атамбаевни судга қатнашиб «айбсиз эканини исботлашга» ундаб, вақтида «мен суддан қочмаганман» деб ёзган. Атамбаев 23-мартдаги суд мажлисига «соғлиғи сабаб» қатнашмаган.

Эртаси куни қийноқларнинг олдини олиш миллий марказининг ходимлари Атамбаев билан №47 колонияда суҳбатлашган. Собиқ президент марказ вакилларига колония ходимлари уни уст кийими ва оёқ кийимсиз кўчага судраб чиқиб, судга олиб келишганини айтиб берган.

Собиқ президент Атамбаев Садир Жапаров бунгача у ҳақида «анча миш-мишларни айтганини» билдириб, «энди ёлғон гапирмасликка» чақирди. Шунингдек, Атамбаев «судга борганда ҳам ҳеч нима ўзгармайди» деб, криминал Азиз Батукаевни ноқонуний озод қилиш иши бўйича 11 йилга судланганини эсга солди. Атамбаевнинг айтишича, унинг ёшида бу «умрбод озодликдан маҳрум қилишга баробар».

«Садир иним! Мен суддан қочгим келса, менга биринчи иш қўзғалганда 2018-йили қочиб кетардим*. Ўшанда махсус самолёт келганда мен у билан Москвага бориб, дўстларимга раҳмат айтиб, “мен қочиб кетсам бўлмайди, уят бўлади” деб, хўрланиб, қамалишимни билсам ҳам қайтиб келганман Қирғизистонга. Сен эса, Садир иним, 2013-йили Қоракўлдаги воқеа бўйича иш қўзғалганда, суддан қўрқиб, тарафдорларингни ташлаб, қочиб кетгансан, чет элга**. Кейин мен ҳукуматдан кетиш олдидан, 2017-йили қайтиб келиб, судландинг», — деб ёзди Атамбаев.

*Атамбаев 2018-йили вориси Сооронбай Жээнбеков билан келишолмай қолган. 2019-йили Атамбаевнинг дахлсизлиги бекор қилиниб, унга нисбатан бир неча жиноий ишлар қўзғалган. Шунингдек, Атамбаев Кант авиабазасидан махсус бортда Москвага учиб, Россия президенти Владимир Путин билан учрашгандан кейин, ўлкага қайтиб келган.

**2013-йили Қоракўл шаҳрида Қумтўр конини миллийлаштириш бўйича митинг ўтган. Унда митингчилар Иссиқкўл вилоятининг ўша ватқдаги губернатори Эмилбек Каптагаевни гаровга олишган. Куч органлари бу факт бўйича жиноий иш қўзғаган, Садир Жапаров эса асосий гумондорларнинг бири бўлган. бироқ Жапаров 2013-йилнинг октябрь ойида чет ўлкага чиқиб кетган.

Шунингдек, Атамбаев прокурорлар ва судьяларни «адолатсизлигини, юзсизлигини кўрганини» айтиб, Садир Жапаровга олдин қўйилган «айбларнинг бари ёлғон» деб тахмин қилди. Собиқ президент уни 11 йилга ҳукм қилган Биринчи май туман судининг судьяси Эмилбек Каипов вақтида Жапаровга ҳам айблов ҳукмини чиқарганини эслатди — Атамбаев давлат раҳбарига унга қарши адолатсиз қарор чиқарганларни текширишга чақирди.

Бундан ташқари, Атамбаев унга қўйилган айбларни тан олмай, президентдан афв  сўрамаслигини қўшимча қилди.

«Раҳм-шафқатни айбини тан олганлар сўрайди. Менга қўзғалган жиноий ишларнинг бари ҳақиқатга тўғри келмайди. Вақт буни исботлайди. Менга ҳаётдан ҳам номус устун. Қамоқда ўлсам ҳам ўз еримда, Қирғизистонда ўламан. Халқим охирги манзилга кузатиб қўяди», — деди у.

Атамбаев амалдаги президентга вақтида «демократия деб бақириб», бироқ ҳукуматга келгандан кейин «Қўқон хонлигини қура бошладинг» деди. Шунингдек, у Туркманистонда «туркманбоши» бўлганини айтиб, Жапаровга «қирғизбоши бўлгинг бор» деди.

«Сокега (Сооронбай Жээнбековга — таҳр.) ўхшаб менга осилмай, кучингни давлат ишларига, муаммоли масалаларга сарфла. Чегара, камбағаллик ва бошқа муаммолар кўп. Халқни алдамоқчи бўлганлар ўзлари алданади! Муддатинг кўролмаслик, ўч олиш, майда-чуйда ишлар билан билинмай, ўтиб кетмасин. Олдингда катта мақсад турибди. Майдалашма. Президент бағрикенг бўлиши керак. Бу ёлғон дунёда алданма. Яратган сенга тўғри йўл кўрсатсин, ёрдам берсин! Халқимизга, юртимизга бирлик, барака берсин!!!» — деб якунлаган хатини Атамбаев.