Арзигул Галимбетованининг ўлими бўйича «Батма-Бат» каналининг муаллифи қўлга олинди

335
Сурат Батмакан Жолболдуеванинг Фейсбук саҳифасидан олинди

Баткен вилоят ички ишлар бошқармаси «Акипресс» нашрининг журналисти Арзигүл Галимбетованинг ўлимига боғлиқ блогер Батмакан Жолболдуевани қўлга олди. Бу ҳақда муассасанинг матбуот хизмати 28-мартда билдирди.

Маълумотга кўра, Галимбетова 25-мартда «Батма-Бат» Youtube-каналининг муаллифи Жолболдуевани устидан «менинг обрўйимга путур етказиб, ёмон сўзлар билан қораламоқда» деб, милицияга ариза ёзган. Ариза Баткен ВИИБнинг электрон журналига рўйхатга олинган.

25-мартда «можародан сўнг Галимбетованинг соғлиғи ёмонлашиб», соат 20:00 атрофида Баткен вилоят бирлашган марказий касалхонасининг неврология бўлимига мурожаат қилган. Бироқ шифокорларнинг ёрдамига қарамай, журналист ўша тунда юраги ҳуруж қилиб, вафот этган.

Милиция жабрланувчининг аризаси асосида факт бўйича «Эҳтиётсизлик сабаб одам ўлимига олиб келиш» моддаси билан жиноий иш қўзғаб, тегишли экспертизаларни тайинланди. Батмакан Жолболдуева вақтинча сақлаш жойига киритилди.

«Қариндошлар йиғилиб, тартибга келтирамиз»

24-мартда Батмакан Жолболдуеванинг Youtube-каналида вилоят раҳбари Абдикарим Алимбаев, журналист Арзигул Галимбетова ва бошқа номаълум одамлар Баткен шаҳридаги овқатланиш жойларининг бирида ўтирган видео жойлаган. Блогер амалдор кечки вақтда хизмат машинасида юрганидан норози бўлган. Бироқ Жолболдуева Алимбаев ва у билан ўтирганлардан изоҳ олмаган.

Кўп ўтмай Жолболдуева бу бўйича Фейсбук саҳифасида пост ёзган. Унда у «тунги капалакдай Арзуу [Арзигүл Галимбетова] “Акипресс”дан, Баткеннинг губернатори Абдикарим Карбекович, Кизил-Кия вице-мэри ҳам бир қанча етакчилар билан чойлашиб ўтирибди» деб ёзган. Бироқ кейинчалик бу пост ўчирилган.

Галимбетова эса Фейсбугида жонли эфирга чиқиб, шу куни маҳаллий ҳукумат вакиллари хорижлик инвесторлар билан учрашиб, у таржимон бўлганини айтган. Жонли эфирда Жолболдуеванинг қариндошлари Галимбетовадан ариза ёзмасликни сўраб, блогерни «қариндошлар йиғилиб, тартибга соламиз» деб ишонтирган.

Журналист Сайрагул Дуулатова 24-мартда Баткен вилоятининг ҳукумат вакиллари туркиялик инвесторлар билан музокара ўтказганини аниқлаган. Шунингдек, у овқатланиш жойида олинган суратларни ҳам жойлаган.

«Чегарачи журналист»

Арзигул Галимбетова

Галимбетова 37 ёшда эди. У Баткен вилоятидаги қирғиз-тожик чегарасидаги воқеаларни тез-тез ёритиб турган. Ўтган йилнинг апрелидаги катта қуролли можарони ҳам воқеа жойдан олиб берган. Шунингдек, мазкур вилоятдаги контрабанда бўйича ҳам материаллар тайёрлаган.

Ўзи Баткен шаҳрида туғилган, Кусеин Карасаев номидаги Бишкек гуманитар университетининг журналистика ва информатика факультетини тамомлаган.

У «Эхо Манас» телерадиокомпаниясида фаолиятини бошлаб, «Кыргызстан обондору»да ва «КТР Обо» газетасида ишлаган.

2010-йилдан бери «Акипресс» ахборот агентлигининг Баткендаги вакили ва мухбири бўлиб ишлаган.