Қорасув: Тўрт кишининг ўлимига сабаб бўлган аварияда айбланган ҳайдовчи 9 йилга ҳукм қилинди

334
Сурат: «Турмуш» нашри

Ўш вилоятининг Қорасув туман суди ўтган йилнинг декабрь ойида тўрт кишининг ўлимига сабаб бўлган йўл ҳалокатига сабабчи бўлган ҳайдовчини 9 йилга озодликдан маҳрум қилди. Бу қарор 15 мартда қабул қилинди.

Йўл ҳалокати 2021 йилнинг 5 декабрига ўтар кечаси Ўш — Сари-Таш — Эркештам автойўлидаги Баш-Булак қишлоғи ҳудудида бўлган. унда 32 ёшдаги айбланувчи бошқарган Mercedes-Benz 1520 оғир юк ташувчи машинаси Honda-CRV русумидаги машина билан тўқнашган.

Натижада Honda-CRVнинг ичидаги ҳайдовчи ва уч йўловчиси воқеа жойида ҳалок бўлган. яна бир киши ва айбланувчи касалхонага етказилган.

Суд мажлисида айбланувчи айбини тан олган. Унинг айтишича, воқеа бўлган куни у 13 тонна кўмирни Ўн-Адир кичик туманига олиб кетаётиб, «рулда чарчагани сабаб 100-150 грамм спиртли ичимлик ичиб олган». Айбланувчи йўлнинг бурилиш қисмида қарама-қарши томонга чиққанини ва Honda-CRVни «жуда яқин қолганда кўриб қолганини» билдирган.

Бундан ташқари, айбланувчи ўзи «40-50 км/соат тезликда келганини», Honda-CRV эса «катта тезликда келаётганини» айтган.

Қорасув туман суди айбланувчини «Автомототранспорт воситалари ҳаракати ва уларни эксплуатация қилишнинг хавфсизлик қоидаларини бузиш» моддаси билан айбдор деб топди. У уч йиллик муддатга транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, 9 йилга ҳукм қилинди.

Ички ишлар вазирлигининг маълумотига кўра, ўлкада 2021 йили 7 437 йўл ҳалокати содир бўлган. Бу 2020 йилга қараганда 21,3%га кўпроқ.