Алмазбек Атамбаев соғлиғи сабабли суд йиғинида қатнашмади

Алмазбек Атамбаев автомобилда ўтирибди. Сурат: Замир Жоошевнинг Фейсбук саҳифаси.

Бугун 23 мартда Бишкекнинг Биринчи май туман суди «Қўйтош воқеаси» бўйича ишни кўриб чиқмоқда. Собиқ президент Алмазбек Атамбаев «соғлиғи сабаб» мажлисга қатнашмади.

Унинг адвокати Замир Жоошев Атамбаев оғриётганига қарамай куч билан судга етказилганини билдирди.

«Колония ходимлари Атамбаевни ич кийимда, устида футболкаси билан куч ишлатиб, қорда судраб олиб чиқиб, конвой хизматчиларига ўтказиб беришган», — деб ёзди адвокат.

Атамбаев туман суди биносига етказилгандан сўнг машинадан тушишдан бош тортган. Жоошев собиқ президент соғлиғи сабаб машинадан тушмаётганини айтган.

Кейин суд биносига тез ёрдам чақирилган. Жоошев тез ёрдам машинасида керакли дори-дармонлар йўқлигини таъкидлади. Атамбаевнинг дорилари колонияда бўлгани сабаб яна №47 ахлоқ тузатиш колониясига етказилган.

Биринчи май туман судининг матбуот котиби Айзада Момунова «Клооп»га Атамбаевни суд мажлисига қатнашмаганини тасдиқлади. У мажлисдан сўнг батафсил маълумот беришини билдирди.

Қўйтош воқеаси бўйича бугунги суд мажлиси президент маъмуриятининг собиқ бошчиси Фарид Ниязов иштирокида ўтмоқда. Судьянинг қарори билан суд мажлисини сурат, видеога олиш тақиқланди

Қўйтош воқеаси бўйича суд иши

Қирғизистоннинг 2011-2017 йиллари бошқарган Атамбаев криминал Азиз Батукаевни 2013 йили қамоқдан ноқонуний бўшатилиши сабаб 11 йилга озодликдан маҳрум қилинган. 2019 йилнинг август ойида Қўйтош воқеаси бўйича ишни Бишкекнинг Биринчи Май туман суди кўриб чиқмоқда.

«Қўйтош воқеалари» бўйича «ҳукуматни куч билан босиб олиш», «оммавий тартибсизлик уюштириш», «одамларни гаровга олиш», «одам ўлдириш» ва «ҳукумат вакилини қўрқитиш ёки унга нисбатан зўравонлик» моддалари билан судгача текшириш иши очилган.

Бу иш бўйича 14 киши ўтмоқда, уларнинг орасида собиқ президент Алмазбек Атамбаев, унинг собиқ маслаҳатчиси Фарид Ниязов, собиқ депутат Равшан Жээнбеков, парламент депутатлари Ирина Карамушкина, Асел Кодуранова ва Атамбаевнинг тарафдори Кундуз Жолдубаева бор.

Уларнинг орасидан Жеэнбеков, Атамбаев ва Ниязовга қамоққа олиш чораси қўлланилган.