Бишкек мэри вазифасини бир кун бажарган тадбиркор Эрмек Нургазиев Бишкекдаги ТИЗО-1га киритилди. Бу ҳақда Чуй вилоят милициясидан билдиришди.
Милициядан Нургазиев тергов ишлари тугагунча қамоқда қолишини маълум қилишди.
Эрмек Нургазиевнинг қўлга олиниши
Эрмек Нургазиев шу йилнинг 18 мартида фирибгарликда гумонланиб, Бишкек ШИИБнинг вақтинча сақлаш жойига киритилди.
Ҳуқуқ органлари 2019 йилнинг ёз ойларида Нургазиев устидан ариза тушганини билдирган. Арзланувчилар Нургазиев турар-жой қурилиш кооперативининг раиси бўлганда аввал сотилган уйларни қайтадан сотиб юборганини айтиб шикоят қилишган.
Келтирилган зарарнинг миқдори 68 550 долларга баҳоланган.
Бундан ташқари, милициянинг маълумотида Нургазиев устидан фирибгарликка боғлиқ яна 7 ариза тушгани айтилади. Улар асосида келтирилган зарар миқдори 4700 доллар ва 309 000 сом деб баҳоланган.
«Бугунги кунда умумий зарар 7 млн 845 минг 692 сомни ташкил қилади», — деб таъкидлашди милициядан.
Бироқ Нургазиев ўзига қўйилган айбларни инкор қилиб, ҳеч кимдан пул олмаганини айтмоқда.
Бир кунлик мэр
Эрмек Нургазиев «ЭММА курулуш» компаниясининг асосчиси ва бошчиси экани маълум. 2020 йилнинг октябридаги парламент сайловида «Кыргызстан» партиясидан номзод бўлган.
У 2019 йили адвокат Олга Новохатская билан келишолмай — Нургазиев аёлни гувоҳлар олдида юзига уриб юборган. Инцидент видеоси ижтимоий тармоқларга тарқалган. Жабрланувчи Нургазиев қўл кўтарган вақтда ҳомиладор эканини, Нургазиев сабаб боласи тушиб қолганини айтган.
Бу воқеа 2021 йилнинг 9 февралида Нургазиев Бишкек мэри вазифасини бажарувчи бўлиб тайинланганда яна эсланди. Нургазиев тайинлангандан кейин президент Садир Жапаров Инстаграм саҳифасида Бишкек шаҳар мэрлигига бебошликка аралашган одамни қўйиш «мумкин эмас» деб ёзган.
«Албатта, тоза, ёш, идеяли кадрлар кўп. Суҳбатлашсанг юзи ёруғ, ишлайдиганга ўхшаб кўринади. Олдин-кейин ҳукуматда ишламаган, коррупция ишларига аралашмаган деб танлаган кадрлар ортида ҳам хулиганлик, мулк талашиш ишлари бор экан. Шу сабаб шаҳар мерлигига қўйиш мумкин эмас», — деган Жапаров.
Бир кундан кейин ўша вақтдаги бош вазир Улукбек Марипов Эрмек Нургазиевни Бишкек шаҳар мэри вазифасини бажарувчи лавозимига тайинлаш ҳақидаги қарорини бекор қилган.