Баткен: Президент иштирокидаги Наврўз байрамига 8,3 млн сом сарфланди – Factcheck.kg

312

Баткен шаҳрида Наврўз байрами муносабати билан ташкил қилинган тадбирга маҳаллий бюджетдан 8,3 миллион сом сарфланди. Бу ҳақда Factcheck.kg давлат харидлари сайтига таяниб ёзди.

Маълумотга кўра, маблағнинг 6,8 млн соми шоу-дастурларга сарфланиб, 1,5 млн сомга Баткен шаҳрининг марказий стадиони ясатилган.

Баткен шаҳрида Наврўз байрамини нишонлаш. Сурат: Президентнинг матбуот хизмати

Бишкекда бу йил Наврўз байрамига 1,8 млн сом сарфланди. Бу Баткенда сарфланган маблағдан тўрт марта кам.

Factcheckʼ журналистларининг фикрича, Баткенда бу йил Наврўзга бағишланган харажатнинг кўпайиши президент Садир Жапаровни байрамни ўша ерда нишонлашига қарор қилганига боғлиқ бўлиши мумкин.

Президент 21 мартда маҳаллийлар олдида сўзга чиқиб, баҳор байрамини «мустақил юртимизнинг чегараси ҳам мана шу Баткендан бошлангани сабаб» Баткенда нишонлашга қарор қилганини айтган. Бунгача Жапаров «юрагининг 99%ни Баткен эгаллаб турганини» билдирган эди.

Айгул ва Садир Жапаровлар сумалакдан татиб кўрмоқда. Сурат: Президентнинг матбуот хизмати.

Президент Баткенда икки кун бўлди. Наврўз байрамини нишонлашдан ташқари Жапаров Лайлак туманидаги Исфана шаҳрини Раззаков шаҳри деб ўзгартириш бўйича тадбирга қатнашди.