«Аэрофлот» Москва — Бишкек — Москва рейсларини тиклади

295
Сурат: «Аэрофлот» компаниясининг матбуот хизмати

Россиянинг «Аэрофлот» авиакомпанияси Москва — Бишкек — Москва йўналиши бўйича парвозларни 22 мартдан бошлаб тиклади. Бу ҳақда «Манас» аэропортининг матбуот хизмати маълум қилди.

Маълумотга кўра, рейслар эрталаб ва тушдан кейин бўлади. «Аэрофлот» сайтида Бишкек — Москва рейсига чипталар 23 мартдан бошлаб сотувга қўйилганини кўриш мумкин.

«Аэрофлот» авиакомпанияси 8 мартдан бошлаб барча халқаро рейсларни тўхтатган. Компания бу қарорни «парвозларни амалга оширишга тўсқинлик қилган қўшимча ҳолатлар билан» тушунтирди. Бироқ аниқ сабабини айтмаган.

Россия ҳарбийлари Украинага бостириб киргандан кейин россиялик авиакомпаниялар санкцияларга дуч келишган. Ўлканинг фуқаровий самолётларининг деярлик ярми ғарб компанияларидан ижарага олинган.

Санкциялар сабаб ижарага берувчилар самолётларини Россиядан қайтариб олишган. Шу сабаб рус авиакомпаниялари ижарага олган самолётлар чет давлатларига учса ўша ерда қамоққа олиниши мумкин.

«Аэрофлот» компаниясигача S7 Airlines компанияси Қирғизистонга парвозларни 5 мартдан тўхтатган. Шунингдек, россиялик «Азур эйр» компанияси ҳам халқаро рейслар тўхтатилганини маълум қилган. Бундан ташқари, «Победа» авиакомпанияси парвозларни апрелнинг охиригача тўхтатишга қарор қилган.

Кўп ўтмай Қозоғистоннинг Air Astana ва Qazak Air авиакомпаниялари Россияга парвозларни тўхтатган. Қозоқ томон буни Россияга учган рейсларни суғурталаш тўхтатилгани билан тушунтирган. Бироқ 13 мартда Qazak Air Россияга авиарейсларни қайта тиклаган.

Қирғизистоннинг «Эйр Манас» авикомпанияси 15 мартда ойнинг охиригача Россияга парвозларни тўхтатди. Компания буни Россия ҳудудидаги рейсларнинг суғуртаси тўхтатилгани билан тушунтирган.