Таълим вазирининг икки ўринбосари алмашди

Профессор Уланбек Мамбетакунов ва сиёсат фанлари номзоди Расул Абазбек ўғли фан ва таълим вазирининг ўринбосари бўлиб тайинланди. Буйруққа вазир Алмазбек Бейшеналиев қўл қўйди.

Маълумотга кўра, Мамбетакунов вазирнинг илм тармоғидаги ўринбосари Айгүл Абдраеванинг ўрнига келди. Абазбек ўғли вазирнинг касб-ҳунар ва олий таълим бўйича ўринбосари Гүлнур Бердибаеванинг ўрнига тайинланди.

Уланбек Мамбетакунов ким?

Уланбек Мамбетакунов. Сурат: Таълим вазирлигининг матбуот хизмати

Уланбек Мамбетакунов 48 ёшда. У педагогика фанлари доктори ва профессор. 1996-йили Ишенали Арабаев номидаги Қирғиз давлат университетининг физика-техника факультетини тамомлаган.

Иш фаолиятини ўқитувчиликдан бошлаган. У 2005-йили Жусуп Боласоғин номидаги Қирғиз миллий университетининг Компьютер технологиялари кафедраси бошчиси хизматида ишлаган.

2004-2009-йиллари Қирғиз давлат юридика академиясида, 2007-2008-йиллари Қирғиз миллий университетининг Ахборот ва алоқа институтида доцент бўлган.

2008-2009-йиллари Қирғиз миллий университетининг Евроосиё инновация технологиялари институтида муҳандис, 2008-2012-йиллари Қирғиз таълим академиясида катта илмий ходим бўлиб ишлаган.

У 2010-2011-йилгача Бишкек молия ва иқтисод академиясининг ахборот технологиялари марказини бошқарган.

Мамбетакунов Плато халқаро университетини, Евроосиё университетини, Одам университетининг профессори унвонларини олган.

2019-йилдан бери Қирғиз таълим академиясининг вице-президенти лавозимида ишлайди.

Расул Абазбек ким?

Расул Абазбек ўғли. Сурат: Таълим вазирлигининг матбуот хизмати

43 ёшдаги Расул Абазбек ўғли сиёсат фанлари номзоди ва 30дан ортиқ илмий мақолалар муаллифи. У 2002-йили ЎшДУнинг тарих факультетини битирган.

Абазбек ўғли иш фаолиятини 2003-2015-йиллари ЎшДУнинг халқаро муносабатлар факультетининг ўқитувчиси мутахассислигидан бошлаган. Кейин шу университетда доценти, лойиҳанинг етакчи мутахассиси, касаба уюшмаси раиси ва деканнинг илмий ишлар бўйича ўринбосари бўлган.

Кейин бир қанча илмий марказларда, институтларда илмий ходим, етакчи бўлиб ишлаган.

Шунингдек, Стратегик текширувлар миллий институтида, БМТнинг ривожлантириш дастурида, «CTED-Кыргызстан» ва Youth of Osh жамоат ташкилотларида эксперт бўлган.

Бундан ташқари, у 2019-2020-йиллари фан ва таълим вазирининг маслаҳатчиси лавозимида ишласа, 2020-йилдан бери Жаҳон банки томонидан молияланган лойиҳаларни амалга ошириш бўлими мутахассиси бўлиб ишлаган.