Ўш мэрияси Наврўзни нишонлашга 1,6 млн сом сарфлашни режалаштирмоқда

366
Ўш шаҳри, 2021 йили нишонланган Наврўз байрами.

Ўш шаҳар мэрияси бу йил Наврўз байрамини нишонлашга ўтган йилгига қараганда икки ярим марта кўп пул сарфлашни режалаштирди — 1,6 миллион сом. Бу пулга саҳна ясатилиб, ижодий гуруҳнинг ҳақи тўланади.

Давлат харидлари порталига 7 мартда Ўш мериясининг Муниципал мулк бошқармаси байрам куни шаҳарни, майдонни безатишга ва бошқа хизматлар учун 1 миллион сомлик тендер эълон қилган.

Танловга билдирув юбориш учун икки кун вақт берилган. Бироқ муассаса Уланбек Ахматов исмли хусусий тадбиркор билан шартнома тузган. У хизмат ҳақини 970 минг сомга баҳолаган. Ахматов ҳақида очиқ манбаларда деярлик маълумот йўқ.

Мэриянинг Маданият бошқармаси 11-мартда қатнашган ижодий гуруҳ ҳақини тўлаш учун 601 минг сомга тендер эълон қилган. Танлов 15-мартгача давом этиши кўрсатилгани билан шартнома тўғридан-тўғри тузилиши ёзилган. Ҳозирча ғолиб компания аниқланмади.

Мэрия қошидаги маданият бошқармасининг етакчиси Элдияр Кадиркулов байрамга сарфланувчи маблағ миқдори кўпайганини бу йил нархларни қимматлагани билан изоҳлади. Унинг айтишича, ўтган йилги безаклар фойдаланиш учун яроқсиз бўлиб қолган.

«Ўш шаҳри иккинчи пойтахт ҳисобланади. Шу сабаб биз бу тадбирни ўтказишда бутун жанубий ҳудуднинг аҳолисини ҳисобга оламиз. Сабаби ҳудудлардан яшовчилар «шу ерга келиб байрамни ўтказиб, бола-чақам билан дам олиб кетаман» деб келади. Биз бу урф-одатни авлодларга ўтказиб беришимиз керак», — деди у.

Ўш мэрияси ўтган йили Наврўз байрамини нишонлаш учун 650 минг сом сарфлашни режалаштирган, тендерни эса 571 минг 460 сом таклиф қилиб Динара Кадирова исмли тадбиркор аёл ютиб олган.

Қизиғи, танлов 23-мартгача давом этиб, шартнома тўғридан-тўғри тузилмай қолган. Бироқ Наврўз байрами 21 мартда нишонланган. Қонун бўйича тендер тадбирдан олдин якунланиб, ғолиблар аниқланиши керак.