Бейшеналиев травматология бўлимини ва хирург Эрнст Акрамов бошқарган институтни ёптирди

311

Соғлиқни сақлаш вазири Алимкадир Бейшеналиев Клиник тез ёрдам касалхонасининг травматология бўлими ва хирург Эрнст Акрамов бошқарган травматология бўлимидаги қайта тиклаш хирургия илмий институти ёпилганини билдирди.

Травматология бўлимининг ёпилиши

14 март куни эрталаб вазир Алимкадир Бейшеналиев Бишкекдаги Клиник тез ёрдам касалхонасига бориб, травматология бўлимини (олдинги Травматология ва илмий текшириш маркази) ёпиш ҳақида қарор қабул қилганини билдирди.

«Бугун 14 мартда травматологияни янги даври бошланди. Биз бу ердаги травматология бўлимини тўлиқ ёпдик. Эртага 350 ўринли қилиб Логвиненко ва Москва кўчаларининг кесилишида янги травматология марказини очамиз, бундай касалхона Бишкекда, Қирғизистонда йўқ — у ерда шароитлар умуман бошқача, эртага кўрасизлар», — деди вазир.

Вазир травматология марказига тезкор мурожаат қилгиси келганларни Миллий госпиталь қабул қилаётганини қўшимча қилди.

«Травматологларнинг тақдири: улар пул йиғиб қўйган, ишлашни кераги йўқ, ундан кўра пенсияга [кетишсин]. Уларни бирини 40 мамлакат чақирди дейишяптими, мен уларга қайси давлатга боришига ёрдам бераман дедим, у ўзи қочиб кетибди», — деб билдирди вазир.

Акрамов бошқарган институтни ёпилиши

Ўша куни Бейшеналиев Чуй вилоят касалхонасидаги Қайта тиклаш жарроҳлик илмий институти ёпилганини айтиб, уни бошқарган жарроҳ Эрнст Акрамов ишдан бўшатилганини билдирди. Вилоят касалхонасига янги бош шифокор тайинлаганини маълум қилди.

«Акрамовнинг институтини ёпдим. Бўлди ишламайди. У ерга янги бош шифокор тайинладим. Акрамов қаерга боради билмайман, ўзи ишламаса. Ўша ерда яшаркан, яшайверсин. «Қувиб чиқишни кераги йўқ, яшайверсин» дедим. Уйи-қариндошлари йўқ экан, яшайверсин», — деди Бейшеналиев.

Эрнст Акрамов 85 ёшда. Қирғиз давлат тиббиёт институтини битирган. 1967 йил номзодлик, 1990 йили докторлик диссертациясини ёқлаган. Тиббиёт институтида ассистент, доцент, республика клиник касалхонасида умумий жарроҳлик бўлими бошчиси бўлиб ишлаган.

Акрамов IV чақирилишдаги Жогорку Кенеш депутати, Қирғиз Республикаси қаҳрамони.

Мамакеевнинг хирургия маркази ҳақида

Журналистлар вазир Бейшеналиевдан Мамакеев номидаги миллий жарроҳлик марказини реформалаш ҳақида ҳам савол беришди.

«Мамакеев — катта хирург. У 30 йил олдин ишдан кетган, ҳозир ишламайди. […] Ҳозир марказда Мамакеевнинг бир ўғли менежер бўлиб ишлайди. Агар шундай менежерлар бўлса, ҳамма ерга жойлардим», — деб жавоб берди вазир.

Журналистлар Мамакеев маркази ҳудудига масжид қурилганини айтиб, қонунийми деб қизиқишди.

«Мамакеев марказ ҳудудидаги масжидни буздирмоқчи бўлган. бироқ «юқоридан» буздирманглар дейишди. Мамакеевни масжидга ҳеч қандай алоқаси йўқ», – деди вазир.

Бунгача журналист Идирис Исаков бир қанча суриштирувларни эълон қилиб, марказ ҳудудига Мамакеев уй қуриб олганини, ўғли Канат Мамакеев марказни бошқаришини айтган.

Видео: Кактус Медиа.

Бейшеналиевнинг реформаси

Шу йилнинг 4 февралида Алимкадир Бейшеналиев Травматология ва ортопедия илмий марказининг директори Сабирбек Жумабековни ишдан бўшатган.

Марказ тарқатилиб, ўрнига Клиник тез ёрдам касалхонаси ишлай бошлаган. Шундан бери бир неча марта етакчи алмашиб, Памир Муратов 14 февралда раҳбар вазифасини бажарувчи бўлиб тайинланган.

26 январда соғлиқни сақлаш вазири Алимкадир Бейшеналиев Маммология марказини тарқатиш ҳақидаги буйруқни имзолаган. Ҳужжатда бу қарор Соғлиқни сақлаш вазирлигига қарашли илмий муассасаларни оптимизациялаш учун қабул қилингани айтилган. Бундан ташқари, Бейшеналиев «бир марказда икки марказ бўлмаслиги керак» деган.

Ўтган йилнинг 14 декабрида Бейшеналиев беморлар камайгани сабаб Республика руҳий саломатлик маркази билан Республика наркология марказини бирлаштириш қарорини қабул қилган.

Бироқ марказларни 2020 йили бирлаштириш ҳаракати бўлган, аммо беморлар билан тиббиёт ходимлари қарши бўлишган эди.