Баткен вилоятининг Баткен туманидаги қирғиз-тожик чегарасида 11 мартга ўтар кечаси яна отишув бўлди. Бу ҳақда МХДҚнинг чегара хизмати маълум қилди.
Маълумотга қараганда, тунги соат 02:50 атрофида Тожикистоннинг чегара хизмати Баткеннинг Эски-Тош ҳудудидаги Баткен — Исфана автойўлидан ўтган авто машиналарни тош бўрон қилган.
Тожик чегарачилари Қирғизистон чегара хизматининг машиналарига тош отмаслик талабини эътиборга олмаган. «Шу сабаб чегарачилар тожик аскарларини ноқонуний ҳаракатларини тўхтатиш мақсадида огоҳлантириш сифатида осмонга ўқ отишган» дейилади маълумотда.
«Шу билан бирга мазкур ҳудудда хизмат ўтаётган Тожикистоннинг бошқа чегара хизмати қирғиз чегарачилари жойлашган кузатув минорасига ўқ отишган. Қирғизистон билан Тожикистоннинг чегара ходимлари орасида 20 дақиқа давом этган отишув бўлиб, соат 03:10да тўхтаган», — деб билдиришди Чегара хизматидан.
Қирғиз томондан яраланганлар йўқ. Можаро чуқурлашиб кетмаслиги учун икки ўлканинг чегара вакиллари телефон орқали сўзлашиб, воқеа бўлган жойда учрашув режалаштирилди.
Ҳозирда чегара ходимлари кучайтирилган тартибда хизмат қилишмоқда. Тожикистон ҳукумати воқеа бўйича изоҳ бермади.
10-мартдаги отишма
10-мартда Баткен туманига қарашли Тескей ҳудудида қирғиз-тожик чегарасида қуролли можаро содир бўлган.
Маълумотга кўра, соат 10:50 атрофида баҳсли ҳудудда Тожикистон чегара хизмати аввалги йўналишини ўзгартириб, чегарани қўриқлашни янги участкасига ўтишган. Кейин қирғиз чегарачиларидан мазкур ҳудуддан кетишни талаб қилишган.
Чегара хизмати билдиршича, тожик чегарачиларига қўшимча кучлар ёрдамга келиб, улар сони бўйича ортиқчиликдан фойдаланиб, янги участкага ўтишга ҳаракат қилишган. Бироқ қирғизистонлик чегарачилар бунга йўл бермаган.
«Натижада отишув бўлиб, бу 10 дақиқа давом этган. Отишув натижасида қирғиз томондан яраланганлар йўқ», — деб билдиришган муассасадан.
Можародан кейин икки ўлканинг чегара вакиллари телефон орқали суҳбатлашиб, воқеа бўлган жойдан чегара ходимларини олиб кетишни ва қўшимча куч, воситаларни олиб келмасликка келишган.
Шунингдек, МХДҚнинг чегара хизматидан Тескей ҳудуди аниқланмаган бўлгани билан амалда қирғиз фуқаролари фойдаланишганини таъкидлашган. Баткен вилоятидаги чегара бўлимлари кучайтирилган тартибда хизмат қилишга ўтишган.
Кейинчалик икки давлатнинг Баткен ва Согди вилоятларининг чегара вакиллари Баткен туманининг Паски-Ариқ ҳудудида учрашган.
Учрашувда икки томон 10 мартда бўлган воқеани ўрганиб, дастлабки натижалари Қирғизистон ва Тожикистон чегара вакилларини 12 мартдаги учрашувида маълум қилишни режалаштиришган. Шунингдек, томонлар чегара ҳудудида жойлашган қишлоқ турғунлари билан тушунтириш ишларини олиб боришга келишган — Баткен ва Согди вилоятларининг бошчилари «можарони олдини олиш ва уни кучайиб кетмаслиги учун тегишли чоралар кўраётгани» айтилган.
Бундан ташқари, сўзлашувларда қирғиз ва тожик аскарларига чегарада ўзини тутиш қоидаларига амал қилиш масаласи ҳам қаралди. Қирғизистон ва Тожикистоннинг чегара вакиллари воқеа бўлган жойга олиб келган аскарларни олиб кетишга келишган.