«Бутун Қирғизистон» мухолифат фракциясининг лидери Адахан Мадумаровнинг иши бўйича тузилган депутатлар комиссияси Бош прокуратуранинг халқ вакилини жиноий жавобгарликка тортиш бўйича илтимосини рад этди.
Депутат Исхак Масалиев «Азатык»қа берган интервьюсида комиссия қарор лойиҳасини парламентнинг ялпи йиғинига олиб чиқишини билдирди.
«Комиссиянинг қарорини Жогорку Кенешга юборяпмиз. У ерда қандай қарор қабул қилинади олдиндан айтишга қўрқаман», — деди у.
Бунгача бош прокурор Курманкул Зулушев Жогорку Кенеш депутати Адахан Мадумаровни жиноий жавобгарликка тортишга розилик беришни сўраган.
Эртаси куни депутат Адахан Мадумаров Бош прокуратура унга «сотқинлик» моддаси билан жиноий иш қўзғашини айтиб, буни «юз фоиз сиёсий иш» деб атаган.
3 мартда Бош прокуратура Мадумаровга «Давлатга хиёнат» моддаси билан қўйилган айбни «Лавозимини суиистеъмол қилиш» моддаси билан ўзгартирган.
Шу йилнинг январь ойидан бери Адахан Мадумаров Бош прокуратурага бир неча марта сўроққа борган. Мадумаров 2009 йили қирғиз-тожик чегарасидаги аниқланмаган ерга боғлиқ қабул қилинган протокол бўйича қўзғалган жиноий иш асосида сўроққа чақирилган.
2009 йили Ўш — Баткен — Исфана йўли таъмирланиб, бу ерда кўприк қуриш учун қирғиз-тожик чегарасидаги Тўрт-Кўча ҳудудига яқин жойлашган аниқланмаган ҳудудга 275 метр узунликдаги ерни Тожикистондан 49 йилга ижарага олишга келишган.
Бу протоколга ўша вақтдаги хавфсизлик кенгаши котиби Адахан Мадумаров қўл қўйган. Бироқ Жогорку Кенеш бу протоколни ратификациялашдан бош тортган. Протоколни юридик кучга эга эмаслигини президент Садир Жапаров ҳам тасдиқлаган.
Бироқ Жапаров Баткен вилоят медиа-марказининг етакчиси Мамажан Бердишевга берган интервьюсида Баткенда ерларни сотиб юборган «сотқинларни» сўроқ қилиб, жавобгарликка тортишини айтган.