Собиқ элчи Динара Кемелова ташқи ишлар вазирининг ўринбосари бўлиб тайинланди

353

Қирғизистоннинг Жанубий Кореядаги собиқ элчиси Динара Кемелова ташқи ишлар вазирининг ўринбосари этиб тайинланди. Бу ҳақда Қирғизистон ТИВнинг матбуот хизмати хабар берди.

Кемелова бунга қадар ҳам ТИВ етакчисининг ўринбосари, биринчи ўринбосар хизматларида ишлаган. Бундан ташқари, у Қирғизистоннинг Хитой ва Япониядаги элчиликларида ишлаган.

Бир қатор ОАВлар Қирғизистоннинг Япониядаги собиқ элчиси Рисбек Молдогазиев Кемелованинг турмуш ўртоғи эканлигини ёзиб чиқишган.  Молдогазиев бу лавозимда  2011-2015-йиллари ишлаган. Молдогазиевнинг бу лавозимга тайинланиши дипломатлар учун «этика кодексига тўғри келмагани» айтилган. Чунки ўша пайтда Кемелова вазир ўринбосари бўлган.

2019-йилнинг январь ойида эса Кемелова Қирғизистоннинг Жанубий Кореядаги элчиси бўлиб тайинланган. 2021-йили у Жанубий Корея билан бирга Вьетнамда ҳам элчи бўлиб турган.

Президент Садир Жапаров 16-февралда Кемеловани элчилик лавозимидан бўшатиб, унинг ўрнига собиқ бош вазир ўринбосари Аида Исмаиловани тайинлаган.