Талас вилоятининг Бакай-Ота туманида ноқонуний хусусийлаштирилган 2,59 гектар ер давлатга қайтарилди. Ернинг нархи 7 млн 770 минг сомни ташкил қилади. Бу ҳақда бош прокуратуранинг матбуот хизмати билдирди.
Маълумотга кўра, ер участкаси 1999 йили Минг-Булоқ қишлоқ ҳукумати томонидан ноқонуний хусусийлаштирилиб, кейин унга «Кадастр» давлат ишхонасининг Бакай-Отадаги бўлими томонидан гувоҳнома тайёрлангани аниқланди.
Назорат органининг матбуот хизмати факт бўйича «Лавозим ваколатларидан фойдаланиш» моддаси билан жиноий иш қўзғалиб, тергов амаллари давом этаётганини таъкидлади.
Шунингдек, туман прокуратурасининг ерни давлатга қайтариш мақсадида берган даъвосини суднинг барча инстанциялари қаноатлантирганини қўшимча қилди.
Ўтган йилнинг август ойида Иссиқкўлнинг Кара-Ой қишлоғидаги «Каухар» панционатига яқин ҳудуддан нархи 100 миллион сомга тенг 10 гектар ер давлатга қайтарилган. Бу ер ҳам 1999 йили Кара-Ой қишлоқ ҳукумати томонидан Ш.Э. исмли фуқаронинг номига ноқонуний ўтказилган.