Ўш: «Ата-Журт Қирғизистон»дан номзод бўлган Нурсултан Шакир ўғли хизматга тайинланди

326
Нурсултан Шакир ўғли

«Ата-Журт Қирғизистон» партиясидан шаҳар кенгашига номзод бўлган Нурсултан Шакир ўғли «Ўш шаҳар муниципал турар-жой» коммунал бошқармаси бошчиси бўлиб тайинланди. Бу ҳақда 2-мартда мэриянинг матбуот хизмати билдирди.

Маълумотга кўра, Шакир ўғли хизматга уч ойлик синов муддати билан тайинланди.

Бошқарманинг собиқ етакчиси Эркин Аралиев Ўш шаҳар мэрияси қошидаги автогараж бошчиси бўлди. Муассасанинг собиқ етакчиси Нурлан Турпаев эса ўз истаги билан ишдан кетгани айтилди.

Шакир ўғли ҳақида нималар маълум?

Нурсултан Шакир ўғли 26 ёшда, мутахассислиги бўйича юрист. Бунгача «Ўш ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш хўжалик комбинати» муниципал ишхонаси етакчисининг ўринбосари бўлиб ишлаган.

Кейин «Туран» муниципал ҳудудий бошқармаси бошчисининг ўринбосари бўлган. шу билан бирга тадбиркорлик билан шуғулланади.

2020-йили пандемия сабаб ўтмай қолган Ўш шаҳар кенгашига сайловда «ҳукуматники» дейилган «Биримдик» партияси билан келган.

2021-йили апрелда ўтган шаҳар кенгашига сайловга «Ата-Журт Кыргызстан» партияси билан келган. Бироқ оммавий қонунбазрликлар сабаб Ўш, Бишкек ва Тоқмоқ шаҳар кенгашига ўтган сайловларнинг натижаси бекор қилинган.

Шакир ўғлининг Фейсбук саҳифасига ёзган маълумотига қараганда, у «ўқ отишга ва Калашников автоматини тозалашга жуда қизиқади». Саҳифасига ҳам ўқ отаётган видеоларини тез-тез жойлайди. Шунингдек, ҳайрия билан шуғулланади.

Бундан ташқари, апрелда қирғиз-тожик чегарасидаги қуролли можарода Ўшнинг собиқ мэри Таалайбек Сарибашов билан бирга Баткенда юрган. Уни МХДҚ раиси Камчибек Ташиев билан тушган сурати ҳам бор.

Ўтган йилнинг октябрида эса Шакир ўғли собиқ мэр Таалайбек Сарибашовнинг ўғлиги тўйида бўлган. унинг Инстаграмдаги сурат-видеолари орқали журналистлар собиқ мэрнинг катта тўйи ҳақида хабардор бўлишган.

Тўйда МХДҚ раиси Камчибек Ташиев, коррупцияга аралашганини тан олган собиқ божхоначи Райимбек Матраимов, собиқ спикер Ахматбек Келдибеков, Бош прокурор Курманкул Зулушев, депутат Улан Примов ва собиқ депутат Азамат Арапбаев бир саҳнага чиқиб тилак билдиришган.