Кадирбеков: Таълим масканларида ўқув шартномаси миллий валютада тузилиши керак

359

«Иймон нуру» партиясининг лидери, депутат Нуржигит Кадирбеков олий ўқув юртларида ва хусусий мактабларда ўқитиш шартномасини сом билан тузиш керак деб билдирди. У Украинадаги ҳолат сабаб охирги ҳафтада АҚШ доллари 10 сомга қимматлаганини эсга солди.

«Нимагадир айрим ўқув юртлари шартномани доллар билан тузиб, пулни сом билан оляпти. Бундай кўзбўямачиликка чек қўйиш керак [...] Инфляция талабларини ҳисобга олиб [шартнома] сом билан тузилиши керак. Бўлмаса ҳозир ота-оналар қийналяпти», — деди у.

Халқ вакили фуқаровий кодекснинг 35-моддасида «Қирғизистон миллий валютаси сом» деб ёзилганини, таълим тўғрисидаги қонуннинг 43-моддасида таълим бериш хизмати миллий валюта билан юритилиши керак деб кўрсатилганини айтди.

Шунингдек, шартномани сом билан тузиш орқали миллий валютани ҳам, талабалар, ота-оналарнинг ҳам ҳуқуқини ҳимоя қилса бўлишини таъкидлади.

Қирғизистоннинг тижорий банкларида бир ҳафтада долларнинг курси 95 сомгача кўтарилди. Бунга Россияни Украинага ҳужум қилгандан кейин кўпчилик ғарб давлатлари Россияга қарши жиддий иқтисодий ва технологик санкциялар киритгани сабаб бўлди.

Қирғизистон миллий банки долларнинг қиймати кескин ортиши ўлканинг асосий савдо-иқтисодий ҳамкори — Россия экани билан тушунтирди.