«Агрессорни қўллади». Раққос Омурзаков даниялик ҳамкорлари ҳамкорлик келишувини бузганини айтди

299
Атай Омурзаков

Раққос Атай Омурзаков Даниядаги ҳамкорлари Украина-Россия урушида «Қирғизистон агрессорни қўллагани» учун орадаги шартномани бекор қилганини билдирди. Бу ҳақда Омурзаков 2-мартда Фейсбук саҳифасига ёзди.

«Биз пандемия сабаб икки йил ишламадик, энди эса бир неча йилга [чиқишни] тақиқлашди. Энди иш излашим керак, мен ва менинг ўқувчиларим учун артистлик касби тугади. “Сизни давлатингиз агрессорни қўллади, биз сиз билан ҳамкорлик қила олмаймиз” деб тушунтиришди бизга. Шундай мақом учун раҳмат», — деди Омурзаков.

Омурзаков «Тумар» ва «Тотем шоу» рақс гуруҳининг асосчиси. «Тумар» гуруҳи 2016-йили Britain’s Got Talentтанловининг биринчи босқичига ўтиб, ярим финалгача чиққан. Ўша йили Омурзаков ўқувчиларининг ADEM гуруҳи Словакияда ўтган Česko Slovensko má talent («Чехия ва Словакия иқтидорлари») шоусида ғолиб бўлган.

Охирги марта Омурзаковнинг гуруҳи 2020-йилнинг ноябрь ойида Германиядаги Das Supertalent шоусига қатнашган.

Президент Садир Жапаров 22-февралда Россия билан Украина орасидаги вазиятга изоҳ берган. У «Украина шарқида бўлаётган воқеаларни катта хавотир билан кузатаётганини» таъкидлаган.

Шунингдек, у Россиянинг ҳаракатларини «кўп сонли россияликлар яшаган Донбасс ҳудудидаги тинч аҳолини ҳимоя қилиш учун мажбур чора» деб атаган.

26-февралда Жапаров Россия президенти Владимир Путин билан телефон орқали гаплашиб, икки давлат раҳбарлари Украина масаласига тўхталишган. Бироқ икки ўлка президентларининг матбуот хизматлари бу суҳбат ҳақида икки хил маълумот берган.

Қирғизистон версиясида президентлар рус-қирғиз ҳамкорлигини, минтақадаги хавфсизликни ва «Украина атрофидаги вазиятни» муҳокама қилишган деб берилган.

Россиянинг «РИА Новости» нашри эса Кремлнинг матбуот хизматига таяниб, Қирғизистон президенти рус ҳарбийларини Донбасснинг тинч аҳолисини ҳимоя қилишга йўналтирилган ҳаракатларини қўллашини билдирди деб ёзган.

Кейинчалик президент Садир Жапаровнинг матбуот котиби Эрбол Султанбаев бу бўйича изоҳ бериб, Қирғизистон «вазиятни изга солишни қўллашини» билдирган.

1-мартда Украина президенти Владимир Зеленский Қирғизистондаги элчисини чақиртириб олгани маълум бўлди. Зеленский бу қарорни Қирғизистон Россияни Украинага қарши агрессиясини маъқуллагани сабаб қабул қилганини билдирган.