24-февраль тунида рус ҳарбийлари Украинага бостириб киришган. Шундан сўнг кўпчилик ғарб давлатлари Россияга қарши жиддий иқтисодий ва технологик санкцияларни киритишди.
Бунинг бари биринчи навбатда валюта бозорига таъсир қилди. Ҳужумдан бир неча соат ўтгандан кейин рублнинг курси тушиб, тарихдаги энг паст кўрсаткичини бир неча марта янгилади. Рублнинг ортидан Қирғизистон миллий валютасининг ҳам қиймати камая бошлади.
Нима учун доллар қимматламоқда?
24 февраль кундузи, аниқроғи ҳужум бўлган куни Бишкекда АҚШ доллари 85 сомдан 95 сомга кўтарилди. Кейин бир неча кун арзонлаб, бироқ 28 февралда яна қимматлади — кундузи долларни сотиб олишни ўртача баҳоси 95 сомни ташкил қилди (айрим пул алмаштириш жойларида 97 сомга чиқди).
Қирғизистон миллий банки доллар курси кескин ўсишини ўлканинг асосий савдо-иқтисодий ҳамкори — Россия экани билан тушунтирди.
«Ҳамкор давлатларнинг иқтисодидаги ўзгаришлар Қирғизистоннинг валюта бозорига бевосита таъсир қилиши мумкин», — деб қўшимча қилишди бош молия муассасасидан.
Бундан ташқари, миллий банкнинг расмий вакили Аида Карабаева брифинг вақтида 24-28 февраль кунлари долларни кўтарилиши руҳий фактордан бўлди деб билдирган.
Қирғизистонликлар долларни оммавий равишда сотиб ола бошлаганини иқтисодчи Нургул Акимова ҳам билдирди.
«Украинадаги воқеаларга бари [...] реакция қилди. Менимча, пулларини [сом билан] сақлашдан қўрқишди. […] Бу долларга бўлган талабни пайдо қилади. [Ўлкада] чет ўлка валютасига талаб юқори бўлганда бозорда маҳаллий валютага [сомга] талаб камаяди», — деб у долларни ўсиш сабабини «Клооп»га тушунтирди.
Унинг фикрича, вазият барқарорлашса ҳам доллар аввалги 84-85 сом бўлган вақтига қайтмайди.
Долларни оммавий сотиб олиш вақтида Demir Bank валюта операцияларига вақтинча чеклов киритди. Энди бу банкнинг мижозлари чет эл валютасини 50 минг сомгача сотиб олишади.
Миллий банк ҳаракатлари
Қирғизистонда 1993 йилдан бери курс алмашишининг ўзгарувчан режими ишлайди. Бу режимда чет ўлка валюталарининг курс динамикаси бозордаги талаб ва таклифларга кўра ўзгармоқда. Бироқ ўлкадаги молиявий ҳолатни изга солувчи бош бош муассаса қатори миллий банк курсни кескин ўзгаришини бир қолипга солади, масалан валюта интервенциялари орқали.
Қирғизистон миллий банкы долларни курси кескин оша бошлагандан бошлаб алмашиш курсининг ўзгарувчан режимини «ушлаб туришни давом эттиришини» бир неча марта айтди.
«Миллий банкнинг халқаро резервининг миқдори етарли ва ўлканинг келажакдаги товарлар ва хизмат кўрсатишлар импорти ҳажмини 6 ойгача ёпа олади. 26 февралга кўра миллий банкнинг халқаро резерви 2 млрд 768 млн долларни ташкил қилди», — деб билдиришди миллий банкдан 28 февралда.
Миллий банкнинг ташқи молия бозоридаги вазият доимий равишда кузатилишини ва зарур бўлган вақтда банк ва тўлов системалари барқарорлигини бундан кейин ҳам таъминлаш учун чора кўрилишини таъкидлашди.
24 февралда миллий банк ички валюта бозоридаги вазиятни барқарорлаштириш учун интервенция ўтказган. Унда асосий банк 13 млн долларга яқин маблағ сотган. 28 февралда миллий банк интервенция ўтказмади, бироқ муассаса вакили брифингда агар зарур бўлса миллий банк интервенция ўтказишга тайёрлигини айтган.
Доллар курсини кўтарилиши нималарга олиб келиши мумкин?
Иқтисодчи Нургул Акимованинг фикрича, долларнинг атрофидаги ҳолат Қирғизистонда нархлар қимматлашига олиб келади. Сабаби ўлка кўп товарларни импорт қилади.
“[Сомни] тўлаш имкони йўқолиши сабаб импорт қимматлайди. Аниқроғи, биз доллар билан сотиб олаётган импорт товарлар сом билан қиммат бўлиб қолади», — деб ҳисоблайди у.
Қирғизистонинг нефтетрейдерлари яқин орада ёқилғи қимматлаши мумкинлигини билдиришган. Нефтетрейдерлар ассоциацияси бошчиси Канатбек Эшатовни айтишича, долларнинг нархи бир сомга кўтарилганда, ёқилғи моддаси 60 тийинга ошади.
Эшатовни тахминича, яқин орада бензиннинг бир литри агар долларни курси 95 сом бўлиб турса 8 сомга қимматлаши мумкин.
Қирғизистон нефть маҳсулотларини кўпини Россиядан импорт қилади.
«Ҳеч кимни эътиборсиз қолдирмаймиз»
28 февралда Президент Садир Жапаров қирғизистонликларга сомни қиймати тушиб, чет эл валютаси қимматлаётган вақтда олтин сотиб олишни таклиф қилди. У «капиталингизни қоғоз билан сақлагандан кўра олтин билан сақланг» деб маслаҳат берган.
Бундан ташқари, Жапаров ўлкада ёқилғи моддаси ва озиқ-овқат нархи қимматлаганини тан олган.
«Бунинг ҳаммаси республикада коронавирус пандемияси сабаб иқтисодимиз ўзини ҳали тикламаган вақтда бўлмоқда [...] Халқаро вазият чет давлатларида ишлаётган ҳамюртларимизга ҳам таъсир қилиши мумкин», — деб ёзган у.
Унинг айтишича, шу сабаб минкаб «инқирозга қарши чоралар режасини ишлаб чиққан».
«Барча вазирликлар томонидан фуқароларимизга ташқи таъсирларни юмшатиш учун махсус чоралар кўрилади», — деб ваъда қилган Жапаров.
«Тезкор режасини ишлаб чиқяпмиз, агар нарх кескин кўтарилса, юмшатишга ҳаракат қиламиз. Биринчи икки-уч кунлик режада чайқовчиликни камайтириб, товар ташиганларга компенсация қилишга тайёрмиз. Ҳозир нефть ташувчилар билан ишлаяпмиз. Шартномалар бажарилишини кўрамиз, агар маблағи етишмаса, қисқа муддатли насыялар бериб, танқисликни олдини олишга ҳаракат қиламиз», — деган иқтисод вазири Данияр Амангелдиев «Азаттык»қа берган интервьюсида.
Жапаров мурожаатида қирғизистонликларни ваҳимага тушмасликка чақирган.
«Энг асосийси — ҳозир ваҳимага тушмай, сабрли бўлиш [керак]. Вақтинчалик турли қийинчиликларни енгамиз. Мамлакат ҳеч кимни эътибордан четда қолдирмайди» — деган президент.