Ўш: «НурТВ» тасвирчига шаҳар мэрияси биносида ҳужум қилинди

399
Жабрланувчи Тимурлан Эрнис ўғли. Сурат: Бекболсун Кайипов/Kloop

Ўш шаҳридаги «НурТВ» телеканалининг тасвирчиси Тимурлан Эрнис ўғлига 28-февралда мэриянинг биносида номаълум одам ҳужум қилди. У оғзидан жароҳат олиб, касалхонага мурожаат қилди. Ҳозирда милиция воқеанинг тафсилотларини такширмоқда.

Эрнис ўғли «Клооп»га билдиришича, у телеканалнинг журналисти билан вице-мэр Жасур Азимовдан интервью олиш учун мэрияга борган. Навбатда турган икки кишидан бир дақиқага кириб чиқишни илтимос қилишганда, улар рози бўлишмаган.

Шу сабаб тасвирчи билан журналист ўз навбатини кутиб турган. Эрнис ўғли ўша вақтда одамлардан бири уларга сўкиниб, жаҳл билан муомала қилганини айтади.

«Мен “майли навбат билан кирамиз унда” десам сўкина бошлади. Мен мулойимлик билан “сўкинмай гапиринг “байке”, биз тушунамиз, “кириб чиқаверинг” десам уриб юборди», — деди у.

Тасвирчи одамларни танимаслигини айтиб, аммо аввал қаердадир кўрганини таъкидлади. У уни урган киши «Ихлас» қурилиш компаниясининг «ходими» деган тахмин борлигини айтди.

Эрнис ўғлининг калтакланишига гувоҳ бўлган ҳамкасби, журналист Ирисбай Мажит ўғли тасвирчини урган шахс «вице-мэр Жасур Азимов юлдуз бўлиб кетганми? Ҳамманглар интервью олгани келдинглар» деб уларга тегишганини айтди. Ўша вақтда бошқа жуналистлар вице-мэрдан интервью олаётган эди, дейди.

«Мен ундан “байке журналистлар билан бирга мен ҳам интервью олиб олай” деб илтимос қилганман. У “журналистлар ўзингларни халқдан бошқача деб ўйлайсизларми? Биздан кейин кирасизлар” деди. Кейин улар хонага кириш олдидан сўкинди. Тасвирчим унга жавоб қайтарганда қўққисдан келиб оғзига уриб юборди», — деди у.

У нимага тасвирчини урганини сўраганда, номаълум киши «керак бўлса уни ҳам уришини» айтиб қўрқитганини таъкидлади. Мажит ўғли ҳужум қилган киши парламент депутати Айбек Осмоновнинг «жияни» деган маълумот борлигини қўшимча қилди.

Ўш шаҳар касалхонасининг нейрохирурги Асилбек Мамаражапов «Клооп»га жабрланувчининг оғзининг ички томони йирилиб кетганидан тикилганини билдириб, ҳозирда унинг аҳволи қаноатланарди эканини айтди.

Милиция текширувни бошлади

Воқеа бўлган ерга Ўш шаҳар ИИБнинг тезкор гуруҳи борган. Фейсбукда тарқаган видеода ҳужум қилган шахс милиционерга бўйсунмай машинасини бошқариб кетиб қолганини кўриш мумкин.

Шаҳар милициясининг матбуот котиби Абсатар Тавакалов «Клооп»га мазкур факт қайд этилиб, ҳозирда текшириув давом этаётганини айтди. Тасвирчига ҳужум қилиш иши қандай модда билан қайд этилиши эса тергов давомида аниқланади дейди.

Ўш мэриясидан эса «Клооп»га ҳужум қилишга мэрия ходимларининг алоқаси йўқлигини айтиб, улар қонунийликнинг сақланишини қўллашларини таъкидлашди. Шунингдек вице-мэр Жасур Азимов «Тасвирчига қўл кўтарган шахсни танимайди» деб билдиришди.

Мақола эълон қилинишидан аввал «Ихлас» қурилиш компаниясидан ва депутат Айбек Осмоновдан изоҳ олиш имкони бўлмади.