Қозоғистоннинг Коррупцияга қарши хизмати Викрам Рузахуновни Олмаотага чақирди

Олмаотада вақтинча қамоқ ерида қийноққа учраганини айтган қирғизистонлик музикачи Викрам Рузахунов Қозоғистонга боришни режалаштирмоқда. Унинг айтишича, Қозоғистоннинг коррупцияга қарши хизмати унинг иштирокида тергов ишларини олиб бориш учун Олмаотага чақирган.

 

 

Посмотреть эту публикацию в Instagram

 

Публикация от Vicram Rouzakhunov (@vicrammusic)

«Бошимдан ўтган қийинчиликлар ва таҳдидлар ҳамон кўзимдан кетмагани сабаб Олмаотага боришдан аввал умуман воз кечдим. Адвокатим Нурбек Токтакунов Қозоғистоннинг Коррупцияга қарши хизматининг терговчисига Қирғизистонга келишни таклиф қилди», — деб ёзди музикачи Инстаграм саҳифасига.

Аммо Қозоғистоннинг хизмати Рузахунов ўзи қўлга олинган ерни, уни олиб боришган бинони, қамалган камерани ва қийноққа олган одамларни шахсан ўзи кўрсатиб бериши кераклигини айтиб, туриб олишган.

«Бу нарса албатта боришим кераклигига ишонтирди. Нурбек мирза мен билан бирга боришга рози бўлди, аммо Қозоғистонда ҳамма ҳам терговга ёрдам бериш учун менинг боришимдан қувонмаслигини айтиб, хавотирланмоқда. Бундан ташқари, агар Қозоғистонда яна тартибсизликлар бошланиб кетса, бизнинг ҳаётимиз яна хавф остида қолади», — деб қўшимча қилди мусиқачи.

Натижада у қирғиз ҳукуматига уни Қозоғистонга бирга боришни ва қозоқ ҳукуматидан ҳимояга кафолат беришини илтимос қилиб, мурожаат қилди. Рузахунов «гумондорларнинг маълум бир қисми аниқланган ҳолдагина» Қозоғистонга боришини таъкидлади.

«Агар бундай бўлмаса қозоқ терговчилари ўзлари Қирғизистонга келиб, мени тергов қилиши мумкин», — деб айтган у.

Викрам Рузахуновнинг қийноққа олиниши

9-январда Қозоғистон ОАВларида «тартибсизликларда иштирок этиш учун Қирғизистондан келган» деб айтилган қирғиз фуқаросининг иштироки билан видео эълон қилинган.

Унда қўлга олинган шахс билан «нотаниш одамлар алоқага чиқиб, митингларга қатнашиш учун 90 минг тенге (17,5 минг сом) таклиф қилганини» айтган.

Ижтимоий тармоқларнинг фойдаланувчилари ва унинг яқинлари эса мазкур киши қирғизистонлик жаз-мусиқачиси Викрам Рузахунов эканини айтиб чиқишган.

Аммо Қозоғистоннинг Ички ишлар вазирлиги қўлга олинган кишининг исми «Закир Убуров» деб ишонтиришга ҳаракат қилган. Шундан кейин Қозоғистоннинг Қирғизистондаги элчилиги қошида Рузахуновни қўллаш митинги ўтган.

10-январда Рузахуновни Қирғизистоннинг Олмаотадаги бош консули Назарали Арипов бош бўлган ходимлар озод қилиб келган.

Бишкекка олиб келинган куни мусиқачининг юз-боши кўкариб, бир оёғи оқсаб қолган. Журналистларнинг саволларига жавоб берар экан, Рузахунов қўлга олиш вақтида куч тизимлари тарафидан калтакланганини айтиб, жароҳатлари шунинг оқибати эканини билдирган.

Кейин мусиқачининг қовурғаси синиб, бош мияси чайқалгани аниқланган. Унга жарроҳлик амалиёти ҳам ўтказилган. Кўп ўтмай Викрам Рузахунов Олмаотада қўлга олингандан кеин қийноқларга учраганини айтиб чиққан. У дастлаб бу ҳақда айтмаганини Қозоғистонда қўлга олиниб, озод қилинмаган бошқа қирғиз фуқаролари ҳам бор бўлгани билан изоҳлаган.