Садир Жапаров билан Владимир Путин Украинадаги вазият бўйича фикр алмашди

411
Икки давлат президенти. Сурат: Президент матбуот хизмати

Садир Жапаров 26 февралда Россия Федерацияси президенти Владимир Путин билан телефон орқали суҳбатлашди. Бу ҳақда мамлакат раҳбарининг матбуот хизмати хабар қилди.

«Садир Жапаров билан Владимир Путин халқаро ва ҳудудий хавфсизлик масалалари, унинг ичида Украинанинг атрофидаги вазият бўйича фикр алмашди», — деб айтилади президент расмий сайтида.

Шу билан бирга, икки давлат раҳбарлари қирғиз-рус ҳамкорлигининг кун тартибидаги фаол масалаларни муҳокама қилишди деб таъкидланади.

Бу орада Россиянинг «РИА Новости» таҳририяти Кремлнинг матбуот хизматига таяниб, Қирғизистон президенти рус ҳарбийларини Донбасснинг тинч аҳолисини муҳофаза қилишга йўналтирилган ҳаракатларини қўллаб-қувватлашини билдирди деб ёзди.

«Садир Жапаров Киевнинг Минск шартномасига нисбатан масъулиятини таъкидлаб, Донбассдаги тинч аҳолини ҳимоя қилиш бўйича Россиянинг қатъий саъй -ҳаракатларини қўллаб-қувватлашини билдирди», — деб айтилади унда.

Украинада нима бўлмоқда?

Россия президенти 24 февралга ўтар кечаси Украинага нисбатан ҳарбий операцияларни бошлаганини эълон қилган.

Украина матбуоти Харков, Мариупол, Краматорск, ҳатто Киев шаҳрида ҳам портлашлар бўлганини ёзишган. Россиянинг Мудофаа вазирлиги Украина армиясининг ҳарбий инфраструктураларини ишдан чиқараётганини билдирган.

Украина президенти Владимир Зеленский мамлакат ҳудудига ҳарбий режим киритган. Россия хатти-ҳаракатларини жаҳоннинг етакчи давлатлари кескин танқид қилишган.

Украина президенти Владимир Зеленский Россия ҳужумидан 137 нафар украиналик ҳалок бўлиб, яна 316 киши ярадор бўлганини билдирган.

Россия томони қанча киши ҳалок бўлгани ҳақида ҳозирча расмий маълумот бермади, аммо Украинанинг Мудофаа вазирининг ўринбосари Анна Маляр Россия Украинада «800га яқин ҳарбийсидан» маҳрум бўлди деб билдирган.

Муаллиф: Бегайим Талантбекова