Баткен воқеасида жабрланганлар қўшимча ойлик тўловларни олишади

381

2021 йилнинг 28-30 апрелида Боткендаги чегара жанжалида жабрланганлар билан ҳалок бўлганларнинг оила аъзолари ой сайин қўшимча нафақа олишади. Бу ҳақда вазирлар маҳкамасининг матбуот хизматидан билдиришди.

Тўловлар қуйидагиларга берилади:

  • ҳалок бўлган фуқароларнинг фарзандлари ва асраб олган болалари – ота –онасининг вафот этган кунидан бошлаб, улар ўн саккиз ёшга тўлгунича;
  • ҳалок бўлган шахснинг ота-онаси (отаси, онаси) – пенсия ёшига етганидан бошлаб, агар вафот этган шахс ёлғиз фарзанд бўлса –умрининг охиригача;
  • соғлиғида имконияти чекланган шахс деб аниқланган фуқаролар (ногиронлик аниқланган кундан бошлаб тиббий-ижтимоий эксперт комиссиясининг маълумотномаси муддати якунлангунга қадар).

Боткенда жабрланганлар учун товон пули

Боткен вилоятининг Қирғизистон-Тожикистон чегарасидаги қуролли тўқнашувдан икки ой ўтганидан кейин вазирлар маҳкамаси раисининг биринчи ўринбосари Айбек Жунушалиев ҳисобот бериб, товон пули тўлаш учун бюджетдан умумий 52 млн 556 минг сом ажратилганини айтган.

Чегарадаги қуролли можаро

Қирғизистон билан Тожикистон ўртасидаги қуролли можаро 28 апрелда бошланиб 1 майгача давом этган.

Икки давлат ўртасидаги жанжалдан 36 нафар қирғизистонлик ҳалок бўлиб, 190 киши турли жароҳат олган. Воқеа бўлган ҳудуддан 40 мингдан ортиқ киши эвакуацияланган.

Тожикистон томон қуролли можаро пайтида 19 фуқароси ҳалок бўлиб, 87 киши ярадор бўлганини билдирган.

Боткен вилоятида юздан ортиқ уй, уч чегара пости, иккита мактаб, битта болалар боғчаси, бир тиббий муассаса, милиция биноси, ўнта ёнилғи қўювчи шаҳобча, саккизта дўкон, тўртта савдо маркази, тўрт ижтимоий объект ва бошқа беш давлат маҳкамасининг бинолари ёниб вайрон бўлган. Баъзи аҳоли пунктлари тўлиқ вайрон бўлган.