Молиявий пирамида можароси: Олий суд судьясининг қизи уй қамоғига чиқарилди

406

Олий суднинг судьяси Аинаш Токбаеванинг қизи Айзирек Жусупова уй қамоғига чиқарилди. Бу ҳақда Бишкек шаҳар суди хабар берди.

Судьянинг қизи «“Голдэн Кэш” ювелир компанияси» молиявий пирамидасига нисбатан қўзғалган жиноят иши доирасида қўлга олиниб, Бишкекдаги №1 тергов қамоғига киргизилган эди.

Бишкек шаҳар суди 2022-йилнинг 18-февралида Жусуповага нисбатан эҳтиёт чорасини кўриб чиқиб, уни 2022-йилнинг 26-мартигача уй қамоғига чиқарди.

24.kg нашрининг ўз манбасига таяниб ёзишича, Жусупованинг эҳтиёт чораси ўзгартирилишига унинг қамоқда бўлишига йўл қўймаган касаллиги мавжудлиги сабаб бўлган.

Мазкур иш бўйича қўлга олинган «“Голдэн Кэш” ювелир компаниясининг» юристи Ная Ибраева эса тергов қамоғида қолдирилди.

Айзирек Жусупова 2021-йилнинг 13-декабрида молиявий пирамидаларини уюштиришда гумонланиб ҳибсга олинган эди. Украинанинг беш нафар фуқароси ва уч нафар Қирғизистон фуқароси мазкур ишда гумонланмоқда.

Маълумотга кўра Украина фуқароси асос солган «"Голден Кэш" ювелир компанияси» ва «К.Дж.К.» ишхоналари 5 мингдан ортиқ фуқарони алдаб, уларга 3 млн долларлик зарар келтирган.

«Улар маркетинг фаолиятини қалбакилаштириш йўли билан олиб бориб, фуқаролар тарафидан солинган пул маблағлари ҳар йили 260%га қадар юқори фоиз билан қайтарилиб берилиши ҳақида ёлғон ваъдаларни бериб, фуқароларни алдаш йўли билан уларнинг маблағларини тўплашган», — деб билдиради назорат идораси.

Жиноят иши доирасида компаниянинг юристи Ная Ибраева ва кассири Айзирек Жусупова қўлга олинган. Молия пирамидасини уюштирган Украинанинг фуқаролари  Василий Жила, Евгений Трофимчук, Максим Сидоренко, «В.К.», «О.С.», ва қирғизистонлик «А.Ч.» эса мамлакатдан чиқиб кетишга улгурган.

Бош прокуратура гумондорларга қидирув эълон қилиб, улар сиртдан қамоққа олинган. Улардан бири Ўзбекистонда қўлга олиниб, қамоққа олинган.

Айзирек Жусупованинг адвокати Чинара Жакупбекова бош прокурор Курманкул Зулушевнинг опаси Гулмира Зулушева тўловлардан ташқари «молиявий пирамиданинг лидерларидан бири бўлганини» айтган. Шунингдек адвокат Жусупова «техник ходим» бўлганини ва пулларга алоқаси йўқ бўлганини таъкидлаган.

Зулушев эса унинг опаси молия пирамидасидан 30 минг доллар зиён кўрганини билдирган. Бош прокурорнинг айтишича, Гулмира Зулушева пулни ундириб олишга кўзи етмай ариза ёзишдан бош тортган.

Бу ишга Олий суд ҳам реакция қилиб, Конституцияда «айбсизлик презумпцияси» принципи мавжудлигини ёдга солишган. Муассасадан Олий суднинг судьяси Айнаш Токбаевани қизининг айби суд ҳукми билан аниқланмаганини таъкидлашган.