Қирғизистон-Тожикистон чегарасида икки давлат оқсоқоллари учрашув ўтказди.

368

Қирғизистон ва Тожикистон чегарасидаги қишлоқ оқсоқоллари 19-февралда «Бирдамлик учрашуви»ни ўтказди. Бу ҳақда Лайлак туман ҳокими Алмазбек Рахманкулов «Озодлик»нинг қирғиз хизматига билдирди.

Хабарга кўра, тадбир Лайлакдаги Борбордук қишлоғи ва Хистеварз тожик жамоаси ўртасида жойлашган ресторанда ўтказилган.

«Лайлакнинг чегарадош қишлоқларидан қирқ нафарга яқин оқсоқол, Тожикистоннинг Ғофуров туманидан оқсоқоллар келди. Жами 100га яқин одам бўлди. Бирдамлик чойини ичиб, ўзаро аралашиб ўтиришди. Кўпчилиги бир-бирларини танир экан», — деди Рахманкулов.

Шу билан бирга учрашувга Лайлак ҳокими Алмазбек Рахманкулов ҳамда Тожикистоннинг Ғофуров туман раҳбари Зафарбек Давлатзода қатнашган.

Ушбу тадбир  27-28-январда қирғиз-тожик чегарасидаги қуролли тўқнашувдан сўнг ўтказилди. Келишмовчилик оқибатида 11 нафар Қирғизистон фуқароси ярадор бўлган. Тожикистон томон 13 киши жабрланганини, яна 2 киши ҳалок бўлганини хабар қилган.

Қирғизистон-Тожикистон чегарасининг узунлиги  976 километрни ташкил қилади. Унинг фақат  504 километри  демаркация қилинган. Қолган ҳудудлари шу кунгача аниқланмади. Икки давлат чегарасини аниқлаш бўйича иш олиб борган ҳукуматлараро  комиссия қайси ҳужжатларга, хариталарга таяниш бўйича бир фикрга келмади.

Тожикистон Ворух Тожик ССРи таркибида бўлгани кўрсатилган 1924-1927-йиллардаги харитадан фойдаланиш кераклигини айтса, Қирғизистон 1958-1959 ҳамда 1989-йиллардаги харитадан фойдаланиш кераклигини айтиб келмоқда. Ворух ҳудуди 1950-йиллари Қирғизстонда анклав бўлиб қолган.