«Тадбиркорлардан пул талаб қилган». Ўшда «Женго»нинг жиноий гуруҳининг икки аъзоси қўлга олинди

17-февралда Ўш вилоятининг Қорасув туманида «Женго» лақаби билан танилган криминал авторитет Қадир Досоновнинг уюшган жиноий гуруҳининг фаол икки аъзоси қўлга олинди. Бу ҳақда Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси 19-февралда билдирди.

Махсус хизматнинг маълумотига кўра, гумондорлар Ўш вилоятида тадбиркорлардан таҳдид билан пул талаб қилган. МХДҚ уларни Қорасувнинг Наримон қишлоқ ҳудудида ҳусусий тадбиркордан пул олаётган вақтда қўлга олган.

Сурат: МХДҚнинг матбуот хизмати

«Ҳозирда қўлга олинганларнинг уюшган жиноий гуруҳларнинг ноқонуний ишларига алоқаси бор бошқа фактларни ва бошқа одамларни аниқлашга йўналтирилган тегишли тезкор-тергов тадбирлари олиб борилмоқда», — деб билдиришди МХДҚдан.

Жиноятга гумондор 29 ёшдаги «А. уулу Э.» ва 30 ёшдаги «Р.Э.Р.» аввал турли жиноятлар учун судлангани хабар қилинди. Улар МХДҚнинг вақтинча сақлаш ерига киргизилди.

«Женго»

«Женго» лақабли Қадир Досонов Ўшдаги уюшган жиноий гуруҳнинг бошчиси қатори маълум. У 2015-йилнинг февралида милициянинг полковниги Толкунбек Шоноевни ўлдиришга буйруқ берганликда айбланган.

2017-йили Қорасув туман суди ҳам, Ўш вилоят суди ҳам уни оқлаган. Кўп ўтмай бу қарорни Олий суд ҳам ўз кучида қолдирган.

Ўтган йилнинг 30-ноябрида МХДҚ Досоновни «мулкка қарши оғир жиноятда алоқадор» деб қидирув эълон қилган. Криминал авторитет жорий йилнинг 11-февралида қўлга олиниб, қамоққа киргизилган.

2021-йилнинг 17-февралида махсус хизмат Досонов «Жиноий йўл билан топлиган даромадларни ювишда» ҳам гумонланаётганини хабар қилган. Шунингдек, МХДҚ «Женго» ва унинг яқин қариндошларига турли синфдаги 19 автомобил, 15 турар жой ва 35 ер участкаси қайда этилганини билдирган.

Шунга қарамай Досоновнинг адвокати Назгул Суйунбаева «Женго» қўлга олинмаганини, у МХДҚга ўзи келганини хабар қилган. Шунингдек, у Досоновнинг ўғлига ва собиқ турмуш ўртоғининг укасига ҳуқуқ тартибот органлари тарафидан гиёҳванд модда «ташланганини» таъкидлаган.

Бундан ташқари адвокат МХДҚнинг ходимлари Досоновга бунга қадар «халқ кўзига қўлга тушиб беришини» таклиф қилганини айтган. Адвокатнинг айтишича, махсус хизмат «Досонов озгина ўтириб чиқади» деб ваъда қилган.

Аммо Суйунбаева бу таклифдан бош тортгандан кейин махсус хизмат унинг уйида «ноқонуний» тинтув ўтказганини хабар қилган.