Ўзганда «Бутун Қирғизистон» аъзоси Мирлан Ураимовни қўллаган митинг ўтмоқда

370

Ўш вилоятининг Ўзган туманидаги Мирза-Ариқ қишлоғида 18 февралда «Бутун Қирғизистон» партияси аъзоси Мирлан Ураимовнинг тарафдорлари митингга чиқишди. Улар Ураимовни озод этишни талаб қилишмоқда.

Митингчилар «Мирлан Ураимовга озодлик!», «Ҳақиқат халқ томонида!», «Сўз эркинлигини талаб қиламиз!», «Мирлан Ураимов қирғиз халқи сен билан!», «Мирлан Ураимов қирғиз ери, эли учун қайғурган инсон» деган транспарантларни кўтариб чиқишди. Шу билан бирга улар «Мирлан Ураимовга озодлик» ва «Адахан Мадумаровдан қўлингни торт!» деган шиорни айтишмоқда.

Норозилик акциясига Ўш ва Баткен вилояти ҳудудлари аҳолиси келгани айтилди. Тўпланганлар «Ураимов кечки соат саккизгача озод этилсин» деган талабни қўйишди.

«Дастлаб ишга киришганда [«Бутун Қирғизистон» лидери Адахан] Мадумаровни* чарчата бошлашди. Ураимовни ноҳақ ушлаб кетишди. Уркуя Салиева каби айбсиз бўлса ҳам тунда келиб талончилик қилишди. Бу каби йигитларни қамамасдан, билимидан фойдаланиш керак. Соат саккизда Ураимовни озод қилишингларни талаб қиламиз», — деди намойишчилардан бири.

*Бош прокуратура Мадумаровга нисбатан «хиёнат» моддаси билан жиноий иш қўзғаб, уни жавобгарликка тортиш учун Жогорку Кенеш рухсат сўради. Бунга Мадумаров 2009 йили қирғиз-тожик чегарасига боғлиқ имзоланган протокол асос бўлган.

Бундан ташқари, намойишчилар ҳукумат «Бутун Қирғизистон» аъзоларига «босим бўлмоқда» деб ҳисоблайди.

«Мадумаровдан қўлингларни тортинглар! Кичкина новдадай қизимизни [Орозайим Нарматовани*] узиб отдинглар. Энди Ураимовга навбат келдими? Бу ёш кадрларни ишлатиб, фойдаланиб қолинглар. «Бутун Қирғизистон»дан қўлларингни тортинглар! Бундай ётмасдан ўз фарзандларингизни ҳимоя қилиб олинглар», — деди митингда қатнашган Баткен вилояти яшовчиси.

*20 январда Марказий сайлов комиссияси Орозайим Нарматованинг номзод қатори қайдини бекор қилиб, мандатидан ажратган. Бунга МХДҚ ва Таълим вазирлигининг Нарматованинг олий маълумоти ҳақида берган хабари асос бўлган —махсус хизмат сиёсатчи Жалолобод давлат университетига (ЖАДУга) «ноқонуний қабул қилинган» деб ҳисоблайди.

«Садир [Жапаров], Камчи [Ташиев], [Курманкул] Зулушевларнинг қилгани кўр одамга ҳам кўриниб турибди. Буларнинг такрорланган қилиғи чиқяпти. Буларга Мадумаров «қонун даласи ёйилиб кетмоқда» деб аллақачон айтган. Бугун Адахан синса қирғиз халқи синди деб қўяверинглар. [Ўмурбек] Текебаев айтган яқинда «Туркманистон бўламиз» деб. Халқ талаби: қонунни ўрнатиб берса, тирикчилигимизни қилаверамиз демоқда», — деди Қорақулжа туман яшовчиси.

Мирлан Ураимовнинг ушланиши

МХДҚ ходимлари Ураимовни 8 февраль кечки вақтда ушлаб, унинг уйида тинтув олиб борган. Фаолнинг аёли тинтув олиб борганларнинг протоколида «Орозайим Нарматованинг дипломи бўйича» жиноий иш асосида деб ёзилганини хабар қилган.

Куч идоралари Ураимовнинг аёли ва қизининг телефонларини, шу билан бирга процессор ва қоғозларни олиб кетишган.

9-февралда махсус хизмат Ураимовга «Ҳукуматни куч билан босиб олишга тарғиб қилиш» моддаси билан айбланганини айтган. Тергов материалларига кўра, Ураимов ижтимоий тармоқларда «провакацион материаллар тарқатган».

Ураимов оқловчиси Юлия Богданова куч идоралари унинг мижозини «ижтимоий тармоқларда қолдирган изоҳи учун ҳибсга олишганини» билдирган. Аммо адвокат Ураимов ҳеч қандай ташвиқотларни қилмаганини ҳамда изоҳлар «унинг услубида ёзилмаган»ини таъкидлади.

Бош прокурор Курманкул Зулушев 9 февралдаги матбуот анжуманида Ураимов ижтимоий тармоқларда «амалдаги ҳукуматни алмаштириш керак» деб, президент Садир Жапаров ва МХДҚ раиси Камчибек Ташиевге «ҳар қандай номларни қўйиб, ташвиқот қилган» деб билдирган.

Зулушев кимдир бировларни «ёмонлагани учун жиноий ишини қўзғаш нотўғри эканини», аммо шу билан бирга ҳозирда «ёмонлаганнинг ҳаёлида тарғибот ёки давлат хавфсизлигига таҳдид соладиган ҳаракатлар бўлса» ўша одам жавобгарликка тортилишини таъкидлаган.

«Бутун Қирғизистон» партияси лидери ва Жогорку Кенеш депутати Адахан Мадумаров Ураимовнинг ушланишини партияга нисбатан босим сифатида баҳолаган. Шу билан бирга сиёсатчи МХДҚга ва ИИМга мурожаат қилиб «тунда бориб босиш амалиётини тўхтатишни» талаб қилган.

Кейин Бишкекнинг Биринчи май туман суди Мирлан Ураимовни Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг тергов қамоғига 26 мартгача қамоққа олган. Ураимовнинг оқловчиси бундай қарорга рози бўлмасдан, беш куннинг ичида аппеляция тартибида даъво қиладиган бўлган.

Муаллиф: Самара Алимбек қизи

Муҳаррирлар: Элдияр Бакиров, Айбике Адилет қизи