18 февралда журналист ва фуқаролик фаоли Семетей Талас ўғлининг уйини тинтувга олиб, ўзини ушлаб кетишди. Бу ҳақда унинг турмуш ўртоғи Айим Усубаева «Клооп»га билдирди.
«Мен ишда эдим, уйда онам бор эди. Ҳуқуқ-тартибот идора ходимлари келиб, ўзини таништирмасдан уйнинг ҳамма ёғини сочиб, куёвимнинг қўлини қайириб ушлаб кетишибди. Уйни тинтиб динга алоқадор китобларни олиб чиқиб кетишган экан», — деди у.
Ҳуқуқ-тартибот идоралари бу ҳақда ҳозирча изоҳ бермади. Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари ҳамда журналистлар Талас ўғлини озод этишни талаб қилмоқда.
Семетей Талас ўғли журналист Фейсбук саҳифасида сўнги вақтларда янги қабул қилинган Солиқ кодексини танқид қилиб келган. У президент Садир Жапаров ва Вазирлар маҳкамаси раиси Акилбек Жапаровнинг исмларини айтиб, Назорат касса машиналарини ўрнатиш бўйича норозиликларини ёзиб турган.
«Садир Жапаров ҳам, Акилбек Жапаров ҳам элга ёки эфирга чиққанда товар айланмаси 8 миллион сомга етмаганлар солиқ ҳам, патент ҳам тўламайди деган сўзларини ёлғон эканини, саҳифамга ёзган кичик тадбиркорлар патент ёки солиқ тўлашаётгани исботлайди», — деган у постларининг бирида.