Эдил Байсалов Қирғизистонда нафақа ёшини кўтариш кераклигини  билдирди

306

Вазирлар маҳкамаси раиси ўринбосари Эдил Байсалов Қирғизистонда пенсия ёшини юқорилатиш керак деб билдирди. Бу ҳақда амалдор  17-февралда Ижтимоий  фонд пенсияга муддатидан аввал чиқиш имтиёзини бекор қилиш ташаббусини муҳокама қилиш бўйича парламент йиғинида айтди.

«[Шу билан бирга] пенсияга чиқиш ёшини юқорилатиш керак — бу дунёда синалган амалиёт, қўшниларимиз  ҳам ушбу қадамга боришди. [Аммо биз ҳаммасини тарозига қўйиб, қарор қабул қилишимиз керак]», — деди Байсалов.

Ҳозирда Қирғизистонда нафақага чиқиш ёши аёллар учун  58, эркаклар учун 63 ёшни ташкил этади. Шу билан бирга, пенсияга эрта чиқишга имтиёз олганларнинг рўйхати бор. Масалан, бу рўйхатга куч тузумлари ходимлари, баланд тоғли ҳудудларда истиқомат қилган қирғизистонликлар киради.

Россиянинг нафақа ислоҳоти

Россия — яқинда нафақа ислоҳотини олиб борган энг яқин мамлакатлардан бири. 2018-йили президент Владимир Путин пенсия ёшини (2028-йилгача) аёллар учун 55дан 60 ёшгача ҳамда эркаклар учун 60 дан 65 ёшгача асталик билан кўтаришни таъминлаган қонунни имзолаган.

Ислоҳотнинг заруратини Россия ҳукумати мамлакатда туғилиш камайиб, ўртача ҳаёт давомийлиги ўсгани билан тушунтирган. Россиянинг ўша вақтдаги премьер-министри Дмитрий Медведев давлатда меҳнатга лаёқатли аҳолининг улуши озайгани, бу «мамлакатнинг ижтимоий вазифаларни бажара олмай қолишига олиб келиши мумкин» деб таъкидлаган.

Пенсия ислоҳоти Россияда оммавий норозиликларга сабаб бўлган — норозилик ўлканинг 80га яқин шаҳрини қамраган. Норозиликка чиққанлар ҳукуматдан ислоҳотни бир оз юмшатишни талабини бажартиришган — дастлаб аёлларнинг пенсия ёшини 8 йилга узайтиришни хоҳлашган.

2018-йилнинг 1-июлида пенсия ислоҳотига боғлиқ  Краснодардаги митинг. Фото: Мария Иванова/ «Новая Газета»

Пенсия ислоҳоти халқнинг Россия ҳукуматига ҳамда шахсан президент Владимир Путинга бўлган ишончга таъсир кўрсатган. Реформа ҳақида буйруқни имзолагандан ярим йил ўтгандан кейин Медведев бошчилигида ҳукумат истеъфога кетган.