«Чет эллик агент» қонуни». ЖК раиси лойиҳани қайта кўриб чиқиш ташаббусини ўрганишни топширди

307

Жогорку Кенеш спикери Талант Мамитов парламент аппаратига депутат Надира Нарматова таклиф этган «чет эллик агентлар» тўғрисидаги қонун лойиҳасини кўриб чиқиш бўйича протокол топшириғини берди. Бу ҳақда «Клооп»га спикер матбуот котиби Эркин Каимов билдирди.

Бунгача экс-депутат Турсунбай Бакир ўғли «Koom.press» нашрига интервью бериб, Мамитов депутатларга «чет эллик агентлар» ҳақида янги қонун ёзиб чиқиш топшириғини берганини айтган. Бакир ўғли ушбу ишга Нарматова ҳам қатнашишини қўшимча қилган.

Аммо Эркин Каимов экс-депутатнинг сўзлари «ҳақиқатга тўғри келмайди» деб билдирди.

“[«Чет эллик агентлар» қонуни ҳақида] масалани Нарматова кўтариб чиққан. [Депутатлар] қайси бир масалани кўтариб чиқса, регламентга кўра, раис [протокол асосида топшириқ беради]. [Мамитов] янги қонун ёзинглар деган топшириқ бермаган», — деб тушунтирди раис матбуот котиби.

Нарматова таклифи

Жогорку Кенеш 10 февралдаги йиғилишида депутат Надира Нарматова депутатларни «чет эллик агентлар» ҳақида қонунни қабул қилишга чақирган.

Надира Нарматова. Фото: Жогорку Кенеш матбуот хизмати

Ушбу қонун лойиҳасини у собиқ –парламентарий ва экс-ҳақиқатчи Турсунбай Бакир ўғли ва Нуркамил Мадалиев билан бирга 2014 йили тавсия этганини эслатиб ўтган.

«Нодавлат ташкилотлар ҳақида қонунни иккинчи ўқишдан ўтказганда бизнинг муддатимиз тугаб, кетиб қолган эдик. У қонунни олтинчи чақирилишда қўмита даражасида кўриб чиқиб, афсуски, Жогорку Кенеш таркибига нодавлат ташкилотларнинг вакилларидан 20га яқин одам кириб олиб, қарши иш юритиб, қонунни ўтказмай, рад қилишга мажбур бўлишган», — деган эди Нарматова.

Нарматова Қирғизистондаги нодавлат ташкилотлар «ҳукуматга тинчлик бермаяпти» деб ҳисоблайди.

«Ҳурматли раис, ўша бешинчи чақирилишда, комитет даражасидаги қонунни қайтадан кўтариб чиқишга протокол асосида топшириқ беришингизни, тавсия қиламан», — деб илтимос қилган Нарматова.

Турсунбай Бакир ўғли, Надира Нарматова ва Нуркамил Мадалиевнинг қонун лойиҳаси Россиянинг «чет эллик агентлар» тўғрисидаги қонунига ўхшайди.

Ҳужжатга кўра, «сиёсий фаолият билан шуғулланган» нотижорий ташкилотлар «чет эллик агент» деб номланади. Аммо 2016 йили олтинчи чақирилишнинг депутатлари ҳужжатни қабул қилишмаган.