Ўш шаҳар мэрияси Оқ-Бура дарёси қирғоқларини ободонлаштириш лойиҳасининг иккинчи босқичи учун Жаҳон банкидан 250 млн сом грант олади. Бу ҳақда «Клооп»га вице-мэр Марс Исаев билдирди.
Унинг сўзларига кўра, иккинчи босқичда Оқ-Буранинг Нурматов кўчасидаги кўприкдан Навоий кўчасидаги «Дўстлик» кўпригигача четлари таъмирланади. Унинг умумий узунлиги 2,8 километрни ташкил этади.
Исаев лойиҳанинг дастлабки смета баҳоси 470 млн сомни ташкил қилганини, аммо Жаҳон банки унинг ярмини молиялаштиришга рози бўлгани учун сметага таъмирлашлар киритилганини таъкидлади.
Шу билан бирга вице-мэр лойиҳанинг молиявий ишларини бу сафар АРИС (Жамоатчилик тараққиёти ва инвестиция агентлиги) ўзи назорат қилиб, ўзи тендер ўтказишини қўшимча қилди. Уни амалга ошириш 2022 йилнинг куз ойларида бошланиши режалаштирилмоқда.
2021 йилнинг сентябрь ойида МҲДҚ Ўш мэриясининг ходимларига нисбатан «Хизмат вазифасини суиистеъмол қилиш» моддаси билан судга қадар тергов жараёнини очган.
Хабарга кўра, жиноий иши Оқ-Бура дарёси қирғоғини ободонлаштириш ишлари бўйича эълон қилинган тендер туфайли қўзғалган. Махсус хизматдан «тергов манфаатлари» туфайли гумондорлар ҳақида қўшимча маълумотни беришни рад қилишган.
Оқ-Бурани ободонлаштириш лойиҳаси
Амалдаги «Ата-Журт Қирғизистон» фракциясининг депутати Таалайбек Сарибашов Ўш шаҳар мэри вазифасида ишлаганда Оқ Бура дарёсининг қирғоғини таъмирлаш лойиҳасини таклиф этган. 2020 йилнинг бошида пандемияга қармай мэрия дарё қирғоқларини ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш лойиҳасини ишлаб чиқиш учун 1 млн 200 минг сом маблағ ажратган.
Лойиҳага кўра, Нурматов кўчасидан Қурмонжон-Дотҳо кичик туманигача (собиқ Юго-Восток) 5,4 километр дарё қирғоғини ободонлаштиришни режалаштирган. Бу уч босқичда таъмирланадиган бўлиб, биринчисида — дарёнинг 2,4 километр қирғоғи, иккинчисида — 2,8 километр қирғоғи таъмирланиши қаралган.
Биринчи босқичдаги қурилиш ишларини «Капитал қурилиш» МЧЖ олиб борган. Унда дарёнинг икки томонида жойлашган ноқонуний қурилишлар олиниб, 2 километр ерга тош тизилиб, 600 метр бетон қуйилган. Шу билан бирга 20000 м³ тош тайёрланган. Жиноий иш қўзғалгани туфайли айни пайтда қурилиш ишлари тўхтаб турибди.
Лойиҳани амалга ошириш учун маҳаллий бюджетдан 252 млн сом ажратилиши керак эди — унинг 60 млни 2020 йили коронавирус пандемиясига қарамасдан бўлинган. Унда шаҳардаги чекловлар туфайли тўққиз ойда Ўш шаҳар бюджетига 102 млн сом тушмай қолган.
Таалайбек Сарибашов хизматидан олинганидан сўнг янги сайланган мэр Алмаз Мамбетов Оқ-Бурани ободонлаштириш ишлари давом этишини билдирган. Аҳоли орасида мазкур лойиҳани Сарибашов «ўз номини абадийлаштириш учун тавсия этган» деган гаплар юрибди.
«Кактус» нашрининг журналистлари лойиҳанинг биринчи босқичидаги йирик тендерни ютиб олган «Капитал Қурилиш» компаниясининг асосчиларидан бири депутат Айбек Осмонов билан алоқаси борлигини аниқлашган.
Бундан ташқари журналистлар ушбу компания бунгача йирик миқдордаги давлат тендерлар ғолиби бўлиб келган бошқа фирмалар билан алоқаси борлигини, шу билан бирга компания идораси йўқлигини аниқлашган.
Муаллиф: Бактигул Нарматова
Муҳаррир: Айбике Адилет қизи