Президент таълим вазирини алмаштирди

305

Таълим ва фан вазири Болотбек Купешев лавозимидан озод этилди. Тегишли қарорга президент Садир Жапаров 14 февраль куни қўл қўйди.

Давлат раҳбари яна бир бошқа фармон билан таълим вазири вазифасини вақтинча бажарувчи этиб Алмазбек Бейшеналиевни тайинланди. Уни Таълим вазирлиги ходимларига Вазирлар Маҳкамаси раҳбари Ақилбек Жапаров таништириб улгурди.

Купешев 2021-йилнинг 5 майидан буён таълим вазири лавозимида ишлаб келган. У мазкур хизматга айнан Бейшеналиевнинг ўрнига келган эди. «Клооп»нинг Вазирлар Маҳкамасидаги ўз манбасида олган маълумотга кўра, Купешев вазирликдан «соғлиғи сабабли» истеъфога чиққан.

Болотбек Купешев. Сурат: Вазирлар Маҳкамасининг ахборот хизмати

Алмазбек Бейшеналиев ким?

Алмазбек Бейшеналиев 2020-йили таълим ва фан вазири бўлиб тайинланган. Уни вазирликка октябрь воқеаларидан кейин бош вазир бўлган Садир Жапаров тайинлаган.

Алмазбек Бейшеналиев. Сурат: «Кабар».

Бунгача Бейшеналиев Марказий Осиё минтақавий институти директори лавозимида ишлаган.  Бейшеналиев 2018-йилга қадар ҳукумат аппаратининг таълим, маданият ва спорт бўлимини бошқарган. Шунингдек, у 2012-йили Польшанинг Варшава шаҳрининг Вистула университетида проректор хизматида ишлаган. 2013-йилдан бошлаб Жонс Хопкинс университетида дарс бериб келади.

Бундан ташқари, Бейшеналиев Германиянинг Людвигсбург педагогика университетининг магистратурасини тугатган. Қирғизистонга келиб Ёш тадбиркорлар ассоциациясига асос солган.