Economist Group’нинг тадқиқот ва таҳлил бўлими - The Economist Intelligence Unit Қирғизистонни авторитар давлатлар рўйхатига киритди. Феврал ойида нашр дунёда демократия даражасига оид йиллик ҳисоботини эълон қилди.
Унда демократия шароитида яшаган одамларнинг фоизи 50%дан пастлаб, авторитар режимлар эса кучайгани айтилади.
Демократия юқори бўлган олдинги 5 давлатнинг қаторига Норвегия, Янги Зеландия, Финляндия, Швеция ва Ирландия кирди.
Марказий Африка, Конго Республикаси, Шимолий Корея ва Мянма рўйхатнинг энг қуйи поғонасидан жой олган. Бу мамлакатлардаги авторитар режим жуда қаттиқ. Рўйхатда 2021-йилда охирги ўрин Толибон томонидан босиб олинган Афғонистондир.
Қирғизистон Россия, Жазоир, Нигерия ва Мали Қозоғистон билан бир қаторда энг авторитар давлатлардан бири.
The Economist Intelligence Unit 2006 йилдан бери ҳар йили ўз рейтингларини эълон қилиб келади. Қирғизистон 2021 йилги рейтингда илк бор авторитар давлатлар рўйхатига киритилди. Илгари республика режими гибрид деб ҳисобланган.
Иллюстратор Нурбек Насиранбеков ушбу воқеага бағишланган ижтимоий саҳифасида иллюстрация жойлаштирди. Унда айтилишича, Россия ва Беларус президентлари Қирғизистон президенти Садир Жапаровни “клуб”га қўшилгани билан табрикламоқда.
Аввалроқ Фуқаролик жамияти глобал CIVICUS алянси йиллик ҳисоботида Қирғизистонда янги президент Садир Жапаров даврида авторитар режимлар кучайгани ҳақида маълум қилган эди.
Садир Жапаровнинг матбуот котиби Эрбол Султонбоев бу хабарга муносабат билдирди. Султонбоевнинг айтишича, "ҳукумат масъулиятини кучайтиришга қаратилган ислоҳотларни авторитаризм тушунчаси билан тенглаштириб бўлмайди".
Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ҳам Қирғизистонда авторитар тузум кучаяётганидан хавотир билдирган. Freedom House нодавлат ташкилоти Қирғизистонни 11 йил ичида биринчи марта эркин бўлмаган давлатлар қаторига киритган ҳисоботини эълон қилди.
“Қирғизистон мақоми “ярим эркин давлат”дан “ноэркин” давлатга ўтди. “Сохта парламент сайловлари натижалари сиёсий босим ва қўрқитиш билан бирга бўлди, ҳукуматни судланган жиноятчи ва ўз тарафдорлари ёрдамида қамоқдан чиққан миллатчи етакчи эгаллаб олди”,- деб ёзилган ҳисоботда