Factcheсk.kg: Депутат Примовнинг отаси Қирғиз-РУс жамғармасидан 2,5 млн $ кредит олган бўлиши мумкин

308

Factcheck.kg нашри Россия-Қирғизистон тараққиёт жамғармасидан (РҚТЖ) 2,5 миллион доллар кредит олган шахс депутат Улан Примовнинг отаси Бердибай Примов эканлигини аниқлади.

Ўшда тадбиркорлар олган энг йирик кредитни «Примов Б.» исмли хусусий тадбиркор олган, деб ёзади нашр. Пул қурилиш материаллари: ғишт, “пескоблок”лар  ва тош ишлаб чиқариш учун берилган.

Журналистлар Ўш шаҳридаги сайловчилар рўйхатини ўрганиб чиқиб, унда Примов деган фамилияга эга, исми «Б» ҳарфидан бошланган биргина фуқарони — депутатнинг отаси Бердибай Примовни аниқлашган. Ота-бола бир сайлов участкасида рўйхатдан ўтган.

Улан Примов — 2015-йилдан бери парламентнинг депутати. Биринчи марта у Жогорку Кенешга ҚСДП партияси билан келган, ҳозир эса Алай туманидан бир мандатли сайлов округидан сайланиб келди.

Депутатнинг отаси Бердибай Примовга «Пэрити коал» компанияси тегишли. Бу компания 2011-йилдан бери давлат идораларига кўмир сотиш бўйича 570 тендерни ютган ва ундан 60 млн сом ишлаб топган.

«Фактчек» нашри osoo.kg сайтига ҳавола қилиб, депутатнинг отасига Қирғизистоннинг жанубий ва шимолий ҳудудларида иш олиб  борувчи 16 компания қайд этилганини ёзди. У компаниялар кўмир ва оқтош қазиб олиш, автомобиллар билан савдо қилиш, ғишт ва  “черепица” ишлаб чиқариш, қурулиш билан шуғулланади.