«Бутун Қирғизистон» мухолифат фракциясининг лидери Адахан Мадумаров Жогорку Кенешнинг 9-февралдаги йиғинида партиядоши Мирлан Ураимовнинг қўлга олиниши бўйича фикрини айтди. У МХДҚга ва милиционерларга мурожаат қилиб «тунда бориб босиш амалиётини тўхтатишни» талаб қилди.
Унинг айтишича, бир кун аввал ҳибсга олинган партиядоши Мирлан Ураимов қочиб кетадиган шахс эмас.
«Агарда қандайдир бир асосли сабаблар бўлса бизга ёзма турда мурожаат қилишса [...] Кундузи бориб яхшиликча гапириб, сўраб келса бўлади-ку. Тунда бориб бола-чақасини қўрқитиб, чирқиратиб қийнашнинг нима ҳожати бор? Ураимов бирор ерга қочиб кетадими? Ёки у кучли бир террорист, жиноятчими? Ёки давлатдан бир тийин ўғирлаган кишими? Ёки бировни бориб калтаклаб кетган шахсми?» — деб савол берди у.
Депутат фуқароларни Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ва ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларидан ҳимоя қилиш керак бўлган вақт келганини қўшимча қилди. Унинг фикрича, Ураимовнинг айби йўқ.
Ураимовнинг қўлга олиниши
8 февраль тунида Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси «Бутун Қирғизистон» мухолифат партияси аъзоси Мирлан Ураимовни қўлга олиб, уйини тинтув қилган.
Махсус хизматнинг маълумотларига кўра, у «ижтимоий тармоқларда провокацион материаллар тарқатган ва «Ҳокимиятни куч билан эгаллаб олишга тарғибот қилиш» моддаси бўйича ҳибсга олинган.
Ураимовнинг адвокати Юлия Богданованинг айтишича, 8-февралда куч органлари унинг мижозини гўёки «ижтимоий тармоқларда қолдирилган изоҳ учун қўлга олинган. Унинг айтишича, Ураимов сўроқ пайтида изоҳни у ёзмаганлигини айтган. Адвокатнинг қўшимча қилишича, унинг ишида Орозий Нарматованинг қалбаки дипломи ҳақида ҳам гап бор.
Ураимовнинг рафиқасининг айтишича, эрини уйига етиб келганида олиб кетишган — бу воқеа кечки соат 19:00 атрофида содир бўлган. Унинг сўзларига кўра, уларнинг уйига тўрт киши тинтув мақсадида кирган. Хавфсизлик хизмати унинг ва қизининг телефонлари, ишламаётган компьютер тизим блоки ва қўлда ёзилган варақларни олиб кетган.
Ураимовнинг турмуш ўртоғининг қўшимча қилишича, қидирув баённомасида у собиқ депутат Орозайим Нарматованинг сохта дипломи бўйича олиб борилаётгани ёзилган.
Нарматова ўзининг Фейсбукдаги саҳифасида бир неча кун аввал Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ходимлари Ураимовга огоҳлантириш берганини ёзди.
Мирлан Ураимов – «Бутун Қирғизистон» партиясининг аъзоси; 2020-йилги парламент сайловларида ушбу партиядан номзод бўлган. У Кампиробод сув омбори яқинидаги 50 гектар ернинг Ўзбекистонга берилишига қарши акциянинг фаоли ва ташкилотчиларидан бири бўлган. Шунингдек, у Фейсбукдаги «Мекендеш ТВ баракчаси» саҳифасини юритади ва Кампиробод сув омборида бўлаётган воқеаларни жонли эфирга олиб чиққан.
У 25-апрель куни Кампиробод сув омборида Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Қамчибек Ташиев билан аҳоли ўртасида бўлиб ўтган учрашувда МХДҚ етакчиси Қамчибек Ташиевга қарашли «Регион телеканали»нинг журналисти билан жанжаллашиб қолган.
Жанжалга Ураимовнинг Ташиевга алоқадор «Регион» телеканали «халққа нотўғри маълумот етказмоқда» деган баёноти сабаб бўлган.