Блогер Батмакан Жолболдуеванинг хабар беришича, боткенлик амалдор Алихан Ураимовнинг қариндошлари унга қўнғироқ қилиб, таҳдид қилмоқда. Аввалроқ блогер Ураимов унга қўл кўтарганини даъво қилиб, милицияга ариза ёзган эди. Қиз ҳозир касалхонада даволанмоқда.
Батмакан Жолболдуева 7-февралда эълон қилган видеомурожаатида, таҳдидларга дучор бўлаётгани ҳақида бидирган. Унинг айтишича, унга Баткен шаҳар ички ишлар бошқармасининг етакчиси Нурлан Буркановнинг* турмуш ўғртоғи қўнғироқ қилиб, «қизларингни ўйла, аралашма» деб айтган.
*Нурлан Буркановнинг акаси Арзибек Бурканов давлат раҳбари Садир Жапаровнинг яқин одами бўлиб ҳисобланади. Депутат Жанар Ақаевнинг айтишича, Арзибек Бурканов Жогорку Кенешга ўтган «Ишеним» партиясининг «эгаси». Ақаев 2021-йилнинг апрель ойи бошида берган интервьюсида Бурканов мамлакатда катта таъсирга эга эканини айтган.
Арзибек Бурканов Жапаровнинг сайловолди кампаниясига 5 миллион сом ҳисса қўшган компания билан алоқадор бўлган. У 2021 йилнинг май ойида у билан боғлиқ бир қанча шов-шувли жанжаллардан сўнг маслаҳатчи лавозимидан бўшатилган.
«Болаларимнинг нима алоқаси бор? Нега уларни бу ерга аралаштирасан? […] Уларнинг нима айби бор? Мен билан гаплаш […] Қизларимни ўйламасам, уларни ўлдирасанми? Сени қўлингдан фақат болалар ва аёлларни уриш келади. […] Мен сендан қўрқмайман», — деди Жолболдуева ўзининг видеомурожаатида.
Унинг сўзларига кўра, Алихан Ураимов президент Садир Жапаровнинг собиқ маслаҳатчиси Арзибек Буркановнинг қариндоши.
«Уларнинг қариндошлари ҳам милиция ва бошқа органларда ишлайди. Милиция ишни холис кўриб чиқа олишига ишонмайман. Шунинг учун мен Садир Жапаровдан ҳимоя сўрамоқчиман», — деди у 24.kg ахборот агентлигига берган интервьюсида.
Бироқ Ураимовнинг ўзи Буркановлар билан оилавий алоқаларни рад этмоқда.
8 февраль куни Омбудсман институтининг матбуот хизмати Жолболдуева иши унинг Боткендаги идораси томонидан назоратга олингани ҳақида хабар берган.
Ураимов ва Жолболдуева ўртасидаги можаро
Аввалроқ Жолболдуева милицияга мурожаат қилиб, Ураимов уни уриб, сочидан судрагани, телефонини синдириб ташлагани ҳақида ариза берган эди. У амалдор уни мажлис хонасидан олиб чиқишга уринаётгани акс этган видеони эълон қилган.
Жолболдуеванинг сўзларига кўра, у «Ишеним» ва «Ынтымак» партияларидан бўлган Жогорку Кенеш депутатлари йиғилиши бўлиб ўтаётган Исфана ҳокимлигига келган ва унда журналист сифатида қатнашмоқчи бўлган. Бироқ Ураимов унинг ишига ҳар томонлама халақит берган.
«У расмий ОАВ вакили эмаслигимни айтди ва мени мажлислар залидан олиб чиқишга уринди. Кейин у телефонни олиб, мени урди ва сочларимдан судраб кетди», — деган Жолдубаева.
Жолболдуеванинг иддао қилишича, можаро бўлган ҳокимликдаги кузатув камераларидаги видео ўчириб ташланган.
Воқеа юз берган куни вилоят мухтор вакиллигининг матбуот хизматидан изоҳ олиш имкони бўлмаган, бироқ кейинроқ Ураимов видеомурожаат эълон қилиб, унда Жолболдуевани провокацияда айблаган. Унинг айтишича, унинг айбловлари асоссиз.
«Видеода журналист юзимга мушт туширган лаҳзалар акс эттирилмаган. У кийимимни ушлаб, шаъним ва қадр-қимматимни камситувчи сўзларни айтди», — деган Ураимов.