Ўш вилоятининг Қорасув шаҳрида 14 ёшдаги қизни олиб қочишга гумонланиб 4 киши қамалди. Улар Қорасув туман ИИБнинг вақтинча ушлаб турилувчи жойига киргизилди.
Вилоят ИИБнинг матбуот хизмати билдиришича, воқеа 26-январь соат 22:30 тахминан шаҳардаги «Қилим-Ўрда» чойхонасининг олдида бўлган. Ўшанда Қорасув туманининг 25 ёшдаги турғуни ўзининг дўсти билан 14 ёшли қизни «Дэу-Матиз» автомобилига солиб туманнинг Толдиқ қишлоғига олиб қочиб кетган.
«Қизни олиб қочган кишининг уйиша олиб кириб, ўтирғизиб қўйишган. Тезкор тергов гуруҳи бориб уни қайтариб келган», — деб билдиришди милициядан.
Қизнинг ота-онаси ариза ёзиб, гумондорлар терговга олинган. «Никоҳга олиш мақсадида олиб қочиш» моддаси билан жиноят иши қўзғалиб, гумонорлар вақтинча ушлаб турилувчи жойга киргизилган.
Қизнинг танасида жароҳат излари бор-йўқлигини аниқлаш мақсадида суд-тиббий экспертиза тайинланган. Ҳозирда тергов амаллари олиб борилмоқда.
2021-йилнинг 8-декабрида Жалолободда 27 ёшдаги киши ўзидан 10 ёш кичик қизни никоҳига олиш мақсадида шериклари билан бирга ўғирлаган. Ўшанда милиция ходимлари қизни қайтариб келишган.
Гумондорлар эса қўлга олиниб, кейинчалик қизни ўғирлаган гумонланувчи 2022-йилнинг 9-февралигача уй қамоғига чиқарилган. Унинг шериги эса икки ойга тергов қамоғида қолдирилган.
Судга етмаган олиб қочиш
Қирғизистонда олиб қочиш бўйича ишларнинг аксарияти судга етмай қисқариб кетади — етса ҳам айбланувчилар кўпинча жазосиз қолади. Масалан, 2020-йили Жалолобод вилоятида олиб қочиш бўйича 19 факт қайд этилиб, уларнинг бари терговда қисқарган.
Милиция бунга «қизларнинг ота-оналари улар ўз истаги билан турмуш қурганини, даъволари йўқлиги айтиб ёзган аризаларини» сабаб қилган.
Жами бўлиб 2021-йилнинг тўққиз ойида Қирғизистонда олиб қочишнинг 187 ҳолати қайд этилган. Унинг саккизигина судга ўтиб, қолганлари «жиноят таркиби йўқлиги сабабли» терговдан қисқартирилган.
2021-йилнинг апрель ойида ўғирланиб, шундан кейин ўлдирилган Айзаданинг фожеали воқеасидан кейин «Клооп»нинг ва «Азаттык»нинг журналистлари «олиб қочиш» бўйича охирги беш йилдаги суд жараёнларини ўрганиб, Қирғизистонда олиб қочишга қарши модда деярлик ишламайди деган хулосага келган.