Ташиев: Қирғизистон ва Тожикистон ҳарбийларни чегара чизиғидан чиқариб кетишга келишди

345

Қирғизистон ва Тожикистон 28 январь куни кечгача чегарадан барча ҳарбий қисмларни олиб чиқишга келишиб олди. Бу ҳақда Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Қамчибек Ташиев маълум қилди.

«Чегарада фақат Чегара хизмати ва жамоат тартибини сақлаш учун милициянинг тегишли идоралари қолади. Кечаги можародан кейин улар ўзлари ҳам бир сабоқ олдилар, шунинг учун [келишувни] амалга оширишлари керак, деб ўйлайман», — деди Ташиев.

Музокаралар якунлари бўйича томонлар қуйидагиларга келишиб олдилар:

  • қўшма комиссияга тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва прокуратура вакиллари иштирокида низо сабабларини ҳар томонлама текширишни ташкил этиш топширилсин;
  • Можаро бошланганда уйини ташлаб кетган барча маҳаллий аҳолининг қайтишини таъминлаш;
  • Ҳарбий қисмларнинг барча бўлинмаларини тегишли чегара чизиғидан олиб чиқиш;
  • Барча йўлларни тўсишни, бузилган инфратузилма ва электр узатиш линияларини қайта тиклашни таъминлаш;
  • Томонларнинг ҳукумат идоралари чегара, сув, қуруқлик ва бошқа низоларнинг олдини олиш мақсадида чегара зонасида тегишли назоратни таъминлаш.

Махсус хизмат раҳбари 2021 йил апрелида қирғиз-тожик чегарасида юз берган қуролли тўқнашувдан сўнг Қирғизистон ҳуқуқ-тартибот идораларининг моддий-техник базаси таъминланганини таъкидлади. Унинг қўшимча қилишича, ўтган йилнинг октябрь ойида олинган 40 та зирҳли техникаларда маҳаллий аҳоли эвакуация қилинган.

Қирғизистон ва Тожикистоннинг ишчи гуруҳларининг делегациялари 28 январда учрашув ўтказган. Қамчибек Ташиев бошчилигидаги делегация таркибига Боткен вилояти раҳбари Абдикарим Алимбаев, Фавқулодда вазиятлар вазири Бообек Ажикеэв ва Чегара хизмати раҳбари Уларбек Шаршеев кирди.

Чегара жанжали

Тожикистон билан чегарадош Боткен вилоятидаги чегара можароси 27 январь куни содир бўлган. Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси чегара хизмати аввал Тожикистон фуқаролари Тўрт-Кўча ҳудудига тош тўкиб, Боткен-Исфана автомобиль йўлини ярим соат давомида тўсиб қўйганини маълум қилган. Уларга Тожикистон чегарачилари ҳамроҳлик қилиб юргани айтилган.

Қирғизистон ва Тожикистон чегара идоралари вакилларининг учрашуви натижасида соат 19:30да йўл очилди. Аммо яна 19:35 ларда вазият кескинлашди.

Чегара хизмати маълумотларига кўра, икки томон ўртасидаги музокаралардан сўнг можаро ҳал қилинганига қарамай, тожик томони чегаранинг нариги томонидаги Қирғизистон томонини миномёт ва гранаталардан ўққа тута бошлаган. Шундан сўнг тожик аскарлари Торт-Кўча ҳудудида қирғиз чегарачиларига қарата ўт очган.

Тожикистон Чегара хизмати эса жанжал 27 январда тахминан соат 17:20 да Қирғизистоннинг Боткен вилоятининг Оқсой қишлоқ кенгашидан 50 кишидан иборат номаълум гуруҳ Хўжай-Аъло аҳоли пункти яқинидаги кўприкда тожикистонлик «Портер»ни мажбуран тўхтатиб қўйгани сабаб бошланганини билдирди.

Шунингдек қирғиз томони учрашувга келишнинг ўрнига «ўқотар қуроллар билан Тожикистоннинг тинч аҳолига қарата ўт очган» деб даъво қилмоқда.

Қирғизистон Чегара хизмати воқеа провокацион эканлигини ва Тожикистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси тўлиқ жавобгарликка тортилишини айтди. Қирғизистон Чегара хизмати Тожикистон томони тўқнашувларни атайлаб уюштирганини, бу тўқнашувда ҳар икки томоннинг тинч аҳоли вакиллари ҳам жабрланганини айтди.

Шу билан бирга, тожик чегарачилари «қирғиз томони ўт очишни тўхтатмагани ва учувчисиз самолётлардан фойдаланган ҳолда Тожикистон ҳаво ҳудудини бузганини» маълум қилган.

Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг чегара хизмати бу айбловга Тожикистон «маълумотни сохталаштирмоқда» деб жавоб берди. Шунингдек Тожикистоннинг чегарачилари сўнгги пайтларда мамлакат ҳудудида разведка ишларини олиб бориш учун дронлардан фойдаланиб юрганини билдирди.

Шунингдек Қирғизистон Чегара хизмати сўнгги пайтларда қирғиз-тожик чегарасида «провокациялар кучайганини» таъкидлади. Идора «Тожикистон расмийлари вазиятни барқарорлаштириш ўрнига унинг кучайишига ҳисса қўшган», — деб ҳисоблайди.

Кеча тунда Чегара хизмати Қирғизистон ва Тожикистон расмийлари ўртасидаги учрашув якунлангани ва ўт очишни тўхтатиш келишувига эришилганини маълум қилди.

28 январь куни эрталаб Қирғизистон Чегара хизмати қирғиз-тожик чегарасида вазият барқарор эканини маълум қилди. Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълум қилишича, 28 январь куни эрта тонгда чегарадаги отишмада яраланган 11 киши Боткен вилоят касалхонасига ётқизилган. Турли тан жароҳатлари олган фуқароларнинг аҳволи ўртача оғир деб баҳоланмоқда.

Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги чегарадаги можаро юзасидан «Тинчликка қарши жиноятлар» моддаси бўйича жиноий иш қўзғатди.