Улукбек Марипов Қирғизистоннинг Саудия Арабистонидаги элчиси этиб тайинланди

Улукбек Марипов.

Собиқ бош вазир Улукбек Марипов Қирғизистоннинг Саудия Арабистони Подшоҳлигидаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси этиб тайинланди. Тегишли қарор бугун, 25 январь куни президент Садир Жапаров томонидан имзоланди.

Бир кун аввал Мариповнинг ушбу лавозимга номзоди Жогорку Кенешнинг Халқаро ишлар, мудофаа, хавфсизлик ва миграция қўмитаси томонидан маъқулланган эди. 13 нафар депутатдан иборат қўмита аъзоларининг барчаси унинг номзоди учун овоз берди.

Мазкур давлатда узоқ муддатдан бери Қирғизистоннинг элчиси тайинланмаган эди. Охирги марта бу хизматда Абдилатиф Жумабаев бўлган.

Улукбек Марипов Қирғизистон вазирлар маҳкамасининг собиқ раҳбари. У бу лавозимда 2021 йилнинг февралидан октябригача ишлаган. Кейин президент Садир Жапаров Вазирлар Маҳкамасини ишдан бўшатганда уни лавозимидан озод қилди.