Қирғизистонда шаҳар суди Айзада Канатбековани ўғирлашда айбланганларга нисбатан чиқарилган ҳукмни ўз кучида қолдирди

368

21 январь куни Бишкек шаҳар суди Айзада Канатбекованинг ўғирланиши ва ўлдирилиши бўйича ҳукм чиқарди. Шаҳар суди биринчи инстанция қарорини ўз кучида қолдирди.

Жабрланган томоннинг адвокати Нурбек Тўхтақунов суд қарорига қўшилмаслигини ва юқори турувчи инстанцияга шикоят қилиш ниятида эканини айтди.

2021 йил апрель ойида Қирғизистонда Айзада Канатбекованинг ўлдирилиши кенг жамоатчилик эътирозига сабаб бўлди. 5 апрель куни эрталаб Бишкекда Тинистанов ва Медерова кўчалари чорраҳасида номаълум шахслар 26 ёшли қизни ўғирлаб кетишган. Уни мажбуран машинага чиқариб, номаълум томонга олиб кетишган. Ўғирланган қизнинг жасади 7 апрель куни пойтахт чеккасида автомобиль ичидан топилган. Полиция маълумотларига кўра, қиз гумонланувчининг футболкаси билан бўғилиб ўлдирилган. Машинада ўғирлагани тахмин қилинган Замирбек Тенизбоевнинг жасади ҳам бўлган.

Беш киши қизни ўғирлашда айбланган. 2021 йил сентябрида Первомайский туман суди барчани айбдор деб топиб, қамоқ жазосига ҳукм қилди. Замирбек Раманқулов ва Тўкон ўғли Кубанич 6 йилу 6 ойга озодликдан маҳрум қилинди. Рисбай ўғли Ажикабил, Орузбек Нурумбетов ва Симик Молдосариевнинг ҳар бири 7 йилга озодликдан маҳрум этилди. Шунингдек, суд судланувчилардан Канатбековалар оиласи фойдасига 100 000 сом ундириш тўғрисида қарор чиқарди.

Қизнинг ўлдирилиши бўйича иш гумонланувчи Замир Тенизбоевнинг ўлими туфайли тугатилди. Пойтахтнинг Первомайский тумани ИИБ ходимларига нисбатан ҳам Қирғизистон Республикаси Жиноят кодексининг 331-моддаси билан жиноят иши қўзғатилган. Бош прокуратура хабарига кўра, жиноят иши Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг шаҳар бошқармасида тергов қилинмоқда.