Қишлоқ хўжалиги вазири Аскарбек Жанибеков 20-январдаги брифингда 2022-йили ўтган йилдагидек экин суви танқислигидан «қийинчиликлар бўлади» деб билдирди.
У фермерларнинг ишини яхшилаш ва экин далаларини суғориш муаммоларини бартараф қилиш учун муассаса ирригация каналларини қайта тиклаш ишларини бошлаганини айтди.
«Бизни ходимлар хўжаликлар ўртасидаги тармоқни тайёрлашига 1 миллиард сом ажратилган. Биз маҳаллий ҳукумат органлари билан фаол ишлаяпмиз», — деди вазир.
Шунингдек, Жанибеков ирригацияни таъмирлаб яхшилаш кераклигини таъкидлади. Сабаби ҳозирги шароитда сувни етказишда 60%га яқин сув исроф бўлади.
«Масалан, каналнинг бошида сониясига 10 кубометр сув қўядиган бўлсак, 4-4,5 куб сув олади, ярмидан кўпини йўлда йўқотамиз. Бу миллиард сомга 661 канални таъмирлаб олсак бўлади, каналнинг 114 километрини бетонлаб, 883 км қисмида тозалаш ишлари боради», — деди у.
Вазирнинг айтишича, ирригацияни яхшилаш ва каналларни бетонлаш орқали сув исрофгарчилиги камайиб, шар кетиб, натижада деҳқонлар кўпроқ сув олади. Олинган 1 млрд сомга барча вилоятларда ирригацияни таъмирлаш ишлари олиб борилаётганини ва ишлар 2022-йилнинг охиригача давом этишини қўшимча қилди.
Вазир «Қирғизгидромет маркази»нинг маълумотларига таяниб, бу йил қурғоқчилик бўлиши мумкин деган гапларга ўз фикрини билдирди.
«Бугунги кундаги ёғингарчиликларга қараб, сув кўп бўлмайди деб тахмин қиляпмиз. Ёғингарчилик ҳозирча оз. Вегетациянинг биринчи ярмида сувнинг ҳажми бўйича муаммо бўлиши мумкинлигини тан оламиз. Биз учун эрта суғориш вақтида апрель, май ойларида сув бўлиши муҳим», — деди вазир.
2021-йил ёғингарчилик оз, қурғоқчилик бўлгани учун деҳқонлар учун оғир бўлди. Деҳқонлар ҳукуматни эътиборини муаммога қаратиш учун Бишкекда митингга чиқишди.
Қурғоқчилик деҳқонлардан ташқари ўлканинг энергетикасига ҳам таъсир қилиб, кризис бўлди. Ҳукумат электр энергиясига чеклов киритиб, қўшни давлатлардан электр энергиясини импорт қилишга мажбур бўлди.