Қирғизистонда ёқилғи-мойлаш материаллари нархининг кескин ошиши кутилмоқда

373

Қирғизистонда яқин бир ой ичида бензиннинг нархи 4 сомга, дизель ёқилғиси 6 сомга ошади. Бундай прогнозни 20 январь куни Қирғизистон нефть трейдерлари уюшмаси президенти Канатбек Эшатов маълум қилди.

Матбуот анжумани чоғида у 2022 йил январь ойида Россия заводларининг ёқилғи-мойлаш материалларини сотиш нархлари бир тонна бензин учун 110 долларга ва дизель ёқилғиси учун 130 долларга кўтарилганини, бу эса ёқилғи-мойлаш материаллари нархининг ошишига олиб келишини айтди.

Канатбек Эшатов. Фото: AKIpress.

Эшатов, шунингдек, ҳозирча Қозоғистондан нефть маҳсулотларини етказиб беришнинг экспортга тақиқ қўйилгани сабаб имконсиз эканлигини маълум қилди.

2020 йилда Қирғизистонда бензин ва дизель ёқилғиси нархи 20 сомдан ошди, дея хабар беради Миллий статистика қўмитаси. Нефть трейдерларининг таъкидлашича, агар 2020 йилда Россия заводларида бир тонна бензин 300 доллар ва бир тонна дизель ёқилғиси 350-360 доллардан ишлаб чиқарилган бўлса, 2021 йилда бир тонна бензин 800 доллардан, дизель ёқилғиси эса 700 доллардан ошган.

Қирғизистон нефть маҳсулотларининг 95 фоизини Россиядан импорт қилади. Қирғизистоннинг ёқилғи-мойлаш материалларига йиллик талаби 1,3-1,5 миллион тоннани ташкил қилади.