Чуй ВИИБнинг матбуот хизмати 19-январда Қора-болта шаҳрида тўрт қиз «ўз жонини қасд қилишга» ҳаракат қилиб, касалхонага ётқизилганини билдирди.
Маълумотга кўра, тез ёрдам ходимлари Жайил туман милициясига тўрт қиз дори-дармондан заҳарланиб, ўз жонига қасд қилишга ҳаракат қилиб касалхонага тушганини маълум қилган.
Воқеа жойига борган милиция ходимлари қизларнинг номини аниқлаб, улар 35, 28, 26 ва 24 ёшда эканини билдиришган.
Соғлиқни сақлаш вазирлигининг матбуот котиби «Клооп»га қизларга тиббий ёрдам кўрсатилгандан кейин уй шароитида даволанишга юборилганини билдирди.
«Турмуш» нашри қизлар бир квартирада яшаганини ва ўз ҳаётига қасд қилишдан олдин хат ёзиб кетишганини маълум қилди. Унда қизлар «блогерларнинг яширин камераларига тушиб, интернетга тарқалган видеолар сабаб шу ишни қилишгани ёзилган» деб айтилади.
Нашр эълон қилган хатларнинг бирида уларга уч киши туҳмат қилгани ёзилган — улар интернетга видео материалларни тарқатиб, «фоҳишаликда айблашгани» маълум қилинган. Қиз эса официант бўлиб ишлаб, ҳалол меҳнат қилишини таъкидлаган.
Чуй вилоят милициясидан бу факт Жайил ТИИБида рўйхатга олиниб, текширув ишлари бораётганини таъкидлашди.
Ўтган йилнинг октябрь ойида Жалолобод шаҳрида 14 ёшли қиз доридан заҳарланиб, ҳушига келмай вафот этган. Айрим ОАВ қиз «онасидан хафа бўлиб қандли диабет дорисини ичиб олганини» ёзишган. Жалолобод ШИИБи қизнинг ўлими бўйича текширув бораётганини билдирган.
Бош прокуратуранинг расмий маълумотига кўра, 2020-йили 44 ўсмир ўз жонига қасд қилган. Икки йилда — 2019-2020-йиллари 92 ўсмир жонига қасд қилса, уларнинг 73%ни қизлар ташкил қилади