«800 минг доллар». МХДҚ Ўшнинг турғунларини гаровга олиб, пул таъма қилган кишиларни қўлга олди

348

Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси 19-январда Жалолобод шаҳрида Ўшнинг икки турғунини гаровга олган тўрт киши қўлга олинганини билдирди. Икки кун олдин жабрланувчилар матбуот анжумани ўтказиб, уларни эркига қарши ушлаганлар қўлга олинмаётганини айтиб норози бўлишган эди.

«800 минг доллар»

17-январда Ўшнинг тўрт турғуни «Акипресс-Ош»да матбуот анжуманини ўтказган — уларнинг орасида гаровга олинган Мансур исмли киши ҳам бўлган.

Матбуот анжумани иштирокчилари. Сурат: «Турмуш» нашри

Жабрланувчи 2021-йилнинг декабрь ойида УЖГ аъзолари уни ва таниш акасини Жалолободга олиб кетиб, «800 минг доллар талаб қилганини» билдирган. Мансурнинг айтишича, гаровга олган кишилар «уларнинг танишларидан қарз ундиришни кўзлашган».

«Танишларимиздан пул ундириш учун бизни гаровга олишган. Биз қурилиш ишлари билан шуғулланардик. Мени 15 кун ушлаб туришди, “1 млн долларлик мулк берасан ёки 800 минг доллар пулни ундирасан” деб қўйиб юборишди», — деган жабрланувчиларнинг бири.

Яна бир жабрланувчининг ўғли Мухаммаджон Азимов аввал унинг телефонига отасини калтаклангани бўйича видео келганини хабар қилди. Азимов отасини озод қилиш мақсадида уйини «Аббос» исмли кишининг номига ўтказиб берганини айтади.

«Орадан 10 кун ўтгандан кейин отам келди. Кейин яна йўқ бўлиб кетганидан МХДҚнинг Жалолободдаги бошқармасига ариза билан мурожаат қилдик», — деган Азимов.

Матбуот анжуманининг иштирокчилари гумондорлар олдин ушланиб, бироқ кўп ўтмай қўйиб юборилганидан норози бўлишган. Сабаби оила аъзоларининг хавфсизлигидан хавотирланишаётганини билдиришган. Шу сабаб жабрланувчилар президент Садир Жапаров билан МХДҚ раиси Камчибек Ташиевга мурожаат қилиб, ёрдам сўрашган.

МХДҚ нима дейди?

Махсус хизмат тарқатган маълумотга кўра, ҳуқуқ органлари бу факт бўйича жиноий иш қўзғаб, Жалолободдаги квартираларнинг бирида «эркига қарши ноқонуний ушланган» «М.А.» исмли кишини бўшатишган. Бироқ «М.А.» қачон бўшатилганини аниқлашни имкони бўлмади.

Маълумотга кўра, жабрланувчи квартирада «йирик суммадаги қарзларини тўлаш мақсадида бир қанча одамлар томонидан мажбурлаб ушлаб турган».

Гумондорлар воқеа бўлган куни қўлга олинмаганини махсус хизмат қуйидагича тушунтирди.

«Олиб борилган текширув ишлари давомида “М.А.” иш бўйича гумондорлар билан учрашишдан бош тортган, шу сабаб мажбурлаш ва тақиқлаш процессуал чораларини қўллаш мумкин бўлмаган», — дейишди МХДҚдан.

МХДҚ жабрланувчи томон 17-январда тергов органларига сўроққа келишга ваъда бериб, бироқ унинг ўрнига «Акипресс» нашрида матбуот анжумани ўтказди деб билдирди.

Эртаси куни 18-январда, гаровга олинганлар сўроққа келишган. Шу асосида куч органлари «А.М.», «М.К.», «Р.И.» ва «А.Я.» исмли гумондорларни қўлга олиб, Жалолобод ШИИБнинг вақтинча сақлаш жойига киритган.