Жалолободда ўзини «Ташиевнинг қариндошиман» деб официантни калтаклаган кишининг иши қисқартирилди

329
Нургази Мамасадиков

Жалолобод шаҳар ички ишлар бошқармаси ўтган йилнинг август ойида шаҳардаги «Достор» кафесида официантни калтакланиши бўйича жиноий ишни қисқартирди. Бу ҳақда «Клооп»га Жалолобод ВИИБнинг матбуот хизмати билдирди.

Маълумотга кўра, 21 ёшдаги жабрланувчи «ҳеч кимга даъвоси йўқлигини билдириб» аризани қайтариб олган. Шу асосида судгача текширув 2021-йилнинг 21-октябрида қисқартирилган.

Официантни калтаклаган «Ташиевнинг қариндоши»

Ўтган йилнинг 8-октябрда «Кактус» нашрига Жалолободнинг турғунлари мурожаат қилишган. Уларнинг айтишича, 18-августга ўтар кечаси «Достор» кафесига келган мижозларнинг бири Нургази Мамасадиков МХДҚ раиси «Камчибек Ташиевнинг қариндоши» эканини айтиб, ҳисобни тўлашдан бош тортган.

«У официант билан гаплашишдан ҳам, ҳисобни тўлашдан ҳам бош тортди. Официантнинг илтимосларига аҳамият бермади. Кўп ўтмай кафега бақувват уч киши келиб, официантни калтаклаб кетишди», — деб билдиришган улар.

Кейинчалик калтаклаганлар официантни ташқарига олиб чиқиб, яна калтаклаб, «Ташиевнинг қариндоши» дейилган одамдан кечирим сўратишган. Бироқ шунга қарамай Мамасадиков официантнинг жағига урган.

Жабрланувчи милицияга ариза билан мурожаат қилганда, «Бебошлик» моддаси билан судгача текширув бошланган. Бир неча кундан кейин официант ишдан кетган, Жалолобод ШИИБси ишни «Майда бебошлик»га алмаштирган. Милиция буни жабрланувчи олган жароҳатлар «озлиги» билан тушунтирган.

Бу орада МХДҚ официантга қўл кўтарган кишини «Камчибек Ташиевга ҳеч қандай алоқаси йўқ» деган маълумот тарқатган. Гумондор Нургази Мамасадиков ўзи ҳам мурожаат билан чиқиб, Ташиев билан «қариндошчилик, қудачилик, ҳеч қандай алоқам йўқ» деган.

Бироқ Factcheck.kg нашри Мамасадиковни махсус хизмат раҳбари билан алоқасини аниқлаган. Мамасадиков 2020-йили натижаси бекор қилинган парламент сайловида «Мекенчил» партиясининг мухтор вакили бўлгани очиқланди. Мазкур партияни Ташиев билан президент Садир Жапаров тузган.

Мамасадиков билан бирга «Мекенчил»нинг мухтор ваикллари орасида Батирбек Сиргабаев ҳам бўлган — у Ташиевнинг «вакил боласи» ва Жалолобод вилояти раҳбари Абсаттар Сиргабаевнинг укаси.

«Батирбек Сиргабаев билан Нургази Мамасадиковни “Одноклассник”да бирга тушган суратларига қараб, уларни дўстлигига ишониш мумкин. Батирбек Камчибек Ташиевнинг укаси Шайирбек Ташиев унинг “вакил отаси” эканини таъкидлаган», — деган журналист Актилек Капаров.

Шунингдек, Абсаттар Сиргабаев ва Шайирбек Ташиев 2020-йили «Мекенчил» партиясидан номзод бўлишган. Ҳозирда Шайирбек Ташиев Жогорку Кенеш депутати.