«Азаттык»: Назарбаевлар Бишкек орқали чиқиб кетганми?

337
Болот Назарбаевга тегишли дипломатик паспортнинг сурати

Қозоғистондаги қонли тартибсизликдан бери қўшни ўлканинг тўнғич президенти Нурсултан Назарбаевни қаерда экани номаълум.

Бу орада Россиянинг айрим ахборот манбалари Назарбаев Қирғизистон орқали Бирлашган араб амирлигига чиқиб кетганини ёзишмоқда. Қирғизистондаги расмий органлар бу маълумотни тасдиқламади ҳам, инкор ҳам қилмади. Бироқ «Азаттык» манбалари Олмаотада вазият кескинлашганда Назарбаевнинг укаси Болот оиласи билан Қирғизистон ҳудуди орқали четга чиқиб кетганини тасдиқлади. Материалнинг асл нусхаси «Азаттык» сайтида берилган.

Қозоғистондаги воқеаларга 10 кунга яқин вақт ўтса ҳам Элбоши Нурсултан Назарбаев фикр билдирмади. Биргина унинг кенжа қизи Алия Назарбаева Инстаграмдаги саҳифасида қисқа билдирув ёзиб, бир оздан кейин ўчирган. Инстаграмдаги бу пост Бирлашган Араб Амирлигидан ёзилганини бир нечта маълумот воситалари аниқлашган.

Россиянинг ахборот воситалари Нурсултан Назарбаевни Қирғизистон орқали Бирлашган Араб Амирлигига чиқиб кетганини ёзишди. «Московский Комсомолец» нашри Назарбаев Олмаотадаги воқеалар вақтида туғилган қишлоғи Шамалганга келиб, кейин Бишкек орқали четга чиқиб кетганини билдирди.

Маълумот эълон қилингандан кейин «Азаттык»нинг қозоқ хизматининг мухбирлари Олмаотадан унча узоқ бўлмаган Шамалганга боришди.

Журналист Нуртай Лаханулуна шамалганликлар янги йилдан кейин Назарбаевни қишлоғига келиб кетгани ҳақида ҳеч нарса эшитмаганини айтишган.

«Чиққан маълумот бўйича маҳаллий турғунлардан, ҳайдовчилардан сўрадим. Бари "билмаймиз" дейишди. Айтгилари келмаган бўлиши ҳам мумкин. Одатда бундай хабарларни такси ҳайдовчилари билиши керак эди. Бироқ "ҳеч нарса билмаймиз" деган жавобнигина айтишди», — деган журналист.

Қирғизистоннинг расмий органлари Назарбаевни Бишкек орқали Араб амирлигига чиқиб кетганини тасдиқламаяпти.

Бироқ унинг укаси Болот Назарбаевни Қирғизистон орқали чиқиб кетгани ҳақида қизиқ маълумотлар фош бўлмоқда. Аниқроғи, номини айтгиси келмаган бир неча чегара ходими Болот Назарбаев ва уни қўриқлаган беш-олти одам 6-январда эрталаб «Ак-Жол» ўтказиш бекатидан ўтишганини айтиб беришди.

Уларни Қирғизистонда ҳукуматга яқин одамлар кутиб олган. «Азаттык»қа маълумотни тасдиқлаган чегарачилар ишдан «айриламиз» деган хавотир сабаб исмларини очиқ айтиб, овозларини ёздиришини лозим кўришмади.

«Азаттык»қа 6-январда Қирғизистонга ўтди деган Болот Назарбаев, Нурсаин Назарбаев, Бауржан Нургази ўғли қозоқ фуқаролари паспортларининг нусхалари келиб тушди.

Очиқ манбаларда Нурсаин Назарбаев ҳақида маълумотлар йўқ. Бауржан Нургазиули Олмаотадаги «Барыс» бозорининг етакчиси сифатида кўрсатилган.

Нурсаин Назарбаев

Ўша куни «Ак-Жол» чегара бекатига яқин турган такси ҳайдовчилари собиқ қозоқ президентининг яқинлари ўтирган, ойналари қорайтирилган автомашиналар Қирғизистонга кирганини кўришган.

Кордайдан «Ак-Жол» орқали Қирғизистонга келган қозоғистонлик фаол Думан Мухамедкарим ҳам шу бекатдан Назарбаев яқинлари Қирғизистонга ўтганини эшитганини айтди:

— Менга ўша ердаги маҳаллий турғунлар ўз кўзи билан кўрганини айтиб беришти. Ўша ерда СИМ-карта сотган болалар бор-ку, ўшалар Назарбаевнинг яқинлари болаларини етаклаб ўтди деб билдиришди. Камерага айтинглар десам, қўрқамиз деб бош тортишди.

Шунингдек, «Манас» аэропортида ишлаган бир неча ходим Назарбаевларнинг яқинлари Қирғизистон орқали Дубайга учиб кетгани ҳақида маълумот олишганини «Азаттык»қа айтишти. Бироқ улар ҳам исмини очиқ айтишдан қўрқишади.

Қирғиз ҳукумати Болот Назарбаевни Бишкек орқали ўлкадан чиқиб кетганини очиқ инкор қилмади. Бироқ расмий турда тасдиқламади ҳам.

Масалан, чегара хизмати шу кунлари кимлар ўтгани ҳақида расмий маълумотлар берилмаслигини, қонун билан ҳимояланишини билдирди. Мазкур хизматнинг матбуот котиби Гүлмира Бөрүбаева бундай маълумот махфийлигини тушунтирди:

— Фуқароларни чегарадан ўтгани бўйича маълумот беролмаймиз. Сабаби тегишли ҳуқуқий-меъёрий актларга мувофиқ, яширин бўлиб ҳисобланади. Бу маълумотларни фуқаро ўзи мурожаат қилгандагина берамиз. Бундан ташқари, суд, ҳуқуқни ҳимоя вилиш каби компетентли органларнинг расмий мурожаати бўйича берсак бўлади.

«Манас» аэропорти 6-январда Дубайдан шахсий самолёт келиб қўнганини билдирди. Бироқ самолётга кимлар чиққани ҳақида маълумот йўқлигини аэропортнинг матбуот котиби Алия Курбанова «Азаттык»қа билдирди.

«Bombardier русумидаги самолёт 2022-йилнинг 6-январида «Манас» халқаро аэропортига қўнган. Самолёт Дубайдан келган. Кимга тегишли экани номаълум. У тижорий парвозларни амалга оширган ва йўловчилар кимлар эканини билмаймиз. Сабаби бизнинг вазифамизга кирмайди. Бундан ташқари, ўша куни яна бир Bombardier русумидаги самолёт шимолий Македониядан учиб келган. У техстоп ёки техник танаффус қилган. Бу вақтда самолётдан ҳеч ким тушмаган», — деб билдирди Курбанова.

Қирғизистонинг расмий органлари Назарбаевларнинг яқинлари Қирғизистон орқали четга чиққанини тасдиқламади ҳам, инкор ҳам қилмади.

Жогорку Кенеш депутати Дастан Бекешев Қозоғистонинг собиқ президентини яқинлари ўлка ҳудудидан четга чиққани ҳақидаги маълумотларни прессадан ўқиганини, бироқ расмий органлардан тасдиқлашни имкони бўлмаганини билдирди.

«Шундай маълумотларни сайтлардан ўқидим. Бироқ расмий аниқламадим. Ўтса ўтаверсин. Аслида биз чеклолмаймиз», — деб жавоб берди депутат.

68 ёшли Болот Назарбаев Нурсултан Назарбаевнинг укаси. У акаси ҳукуматда турган вақтда Қозоғистондаги таъсирли ва бой одамларнинг бирига айланганини бунгача мустақил маълумот манбалари бир неча марта ёзган.

Қозоғистонда янги йилдан бошлаб ҳукуматга қарши норозиликлар бошланган. Бу акциялар 5-январдан бошлаб тартибсизликка айланиб, Олмаота, Чимкент каби ҳудудларда ўнлаган одамнинг ўлими билан тугади. Охирги маълумотларга кўра, Қозоғистонда тўполонлар сабаб қўлга олинганларнинг сони 10 мингдан ошди. Бундан ташқари, 225га яқин одам қурбон бўлгани хабар қилинди.

Қўшни давлатдаги тўполонда Қирғизистоннинг икки фуқароси ҳалок бўлиб, беш-олти одам қўлга олиниб, озод қилинди. Бундан бошқа яна яна қирғиз фуқаролари қўлга олиниши мумкин деган маълумотлар ҳозирда текширилмоқда.