17-январда Жогорку Кенешнинг собиқ депутати, Халқ қўшинлари бирлашмаси раиси Данияр Тербишалиев Фейсбук саҳифасига пост ёзиб, Бактибек Калмаматовнинг суд мажлисига борганини ва уни қўллагани учун МХДҚга чақирилганини таъкидлади.
«МХДҚ ишламаяпти деяпсизлар! Ишлаяпти! Сиёсий тутқун — Бактибек Калмаматовни қўллаб, судга қатнашиб, билдирув ёзганимга икки-уч кун бўлмади, суҳбатга чақиришди», — деб ёзди у.
Махсус хизмат ҳозирча бунга боғлиқ маълумот бермади.
Сиёсатчи Бактибек Калмаматов 9-февралгача МХДҚнинг тергов қамоғига киритилган. У «ирқий, этник, миллий, диний ёки ҳудудлар аро низо қўзғатишда» гумонланмоқда.
12-январда Калмаматовнинг эҳтиёт чораси бўйича суд мажлиси бўлиши керак эди. Бироқ судья Калмаматов билан таниш эканини айтиб, суд мажлиси бошқа вақтга кўчирилган. Ўша куни Данияр Тербишалиев ҳам суд мажлисига келган. Калмаматовнинг тарафдорлари митингга чиқиб, сиёсатчини озод қилишни талаб қилишган.
Калмаматовга лавозим таклиф қилиш
Президент Садир Жапаров 17-январда «Вечерний Бишкек» нашрига интервью бериб, 2020-йилнинг 7-8-октябрида ҳукуматни бошқарганда Калмаматовга биринчи вице-премьер-министрлик хизматини таклиф қилганини айтган.
«“Ака, мен биринчи вице-премьер бўлиб ишлай олмайман, ҳукумат ишларида ишлаган эмасман, тажрибам йўқ, очиғини айтсам ишни олиб кетолмайман, ундан кўра мен депутат бўламан" деб кетган. Кейин қарасам “вицеликни қилолмайман” деган Бактибегим президент бўламан деб чиқди», — деган Жапаров.
Шунингдек, Жапаров мухолифатчи сиёсатчи Калмаматовни «ортидаги бўрилар “сен шундай бақириб чиқ" деб қўрқитишмоқда» деган фикрда. Давлат раҳбари Калмаматовни ортидаги сиёсатчилар ким эканини билишини таъкидлаб, «уларни ҳам жавоб берадиган вақти келади» деган.
Бактибек Калмаматовни қўлга олиниши
Бактибек Калмаматов ўтган йилнинг 22-декабрда «Манас» аэропортида МХДҚнинг ходимлари томонидан қўлга олинган. Ўша куни у саккиз соатдан ортиқ сўроқ қилиниб, махсус хизматнинг тергов қамоғига 48 соатга қамалган.
Калмаматовнинг адвокати Айим Камчибекова у «ирқий, этник, миллий, диний ёки ҳудудлар аро низони (аразлашув) қўзғатишда» гумонланаётганини айтиб, буни «сиёсий таъқиб» деб атаган.
«Бу ўйлаб топилган айб. Ҳамма унинг видеоларини кўрган. Ҳеч қандай аразлашув, қўзғатиш йўқ. Ягона мухолифатчи сиёсатчига нисбатан таъқиб», — деган у.
Бактибек Калмаматов — охирги вақтларда ҳукуматни ва президент Садир Жапаровни кескин танқид қилган сиёсатчиларнинг бири. У 28-ноябрда ўтган Жогорку Кенешга сайловда «Азаттык» партияси билан қатнашган. Бироқ унинг партияси 5% бўсағадан ўтмаган.
Калмаматов «Ата Мекен» партиясининг собиқ аъзоси ва парламентнинг собиқ депутати. У шу йилнинг январида ўтган президентлик сайловига қатнашиб 0,5% овоз олган.