Қозоқ полицияси: Олмаотада 149 киши вафот этиб, номаълум шахслар 41 кишининг жасадини ўғирлаб кетган

382

Олмаота полиция департаменти бошчиси Канат Таймерденов 16 январдаги брифингда шаҳардаги тартибсизликлар вақтида 149 нафар киши ҳалок бўлганини билдирди.

“[Қурбон бўлганларнинг] кўпи — бандитлар ва террористлар, шунингдек уларнинг қўлида ажал топган тинч аҳоли ҳам бор», — деб билдирди Таймерденов «Хабар 24» давлат телеканалига. Полиция бошчиси ҳуқуқ органлари 11 хизматчисидан айрилганини ҳам қўшимча қилди.

Таймерденовнинг айтишича, «террористлар гуруҳи» қурол-яроғ сотувчи дўконлардан 1347 қуролни ўғирлашган. 6 январга ўтар кечаси «террористлар» шаҳар полиция департаменти биносини босиб олишга 27 марта ҳаракат қилишган — шунда полиция қуроллар ўғирланишига йўл бермаслик мақсадида ўқ ота бошлаган.

«Бу махсус техникалардан фойдаланиш билан қилинган ҳақиқий штурм бўлган. Бузиб кириш учун "жип" ва камазлардан фойдаланилган. Ҳужумлар қурол-яроғларни ва уруш усулларини яхши билган, профессионал томондан тайёрланган одамлар томонидан бўлган», — деди полиция бошчиси «террористлар» орасида снайперлар бўлганини қўшимча қилиб.

Олмаотадаги тартибсизлик. Сурат: Алмас Кайсар / Vlast.kz.

Таймерденов таъкидлашича, «номаълум одамлар» моргдан 41 кишининг жасадини ўғирлаган, бироқ орасида камида бир «террористнинг» жасади қолиб, қолмаганини аниқ айтмади.

Олмаотанинг бош ҳуқуқ органи ходими «жангарилар полиция формасини кийиб», шаҳарнинг марказий кўчаларидаги 400дан ортиқ видео кузатув камераларини бузиб, рақамлари йўқ машиналарни ҳайдаб, вақти келганда патрулга ва қўйилган блокпостларга ўқ отишганини билдирди.

Олмаота шаҳар прокурори Берик Жуйриктаев ҳам Олмаоатдаги тартибсизлик боғлиқ 405 жиноий иш қўзғалганини, ҳозирда 249 киши қамоқда эканини билдирди.

Бунгача Қозоғистон бош прокурори ўлкадаги норозилик акциясида ва тартибсизликда умумий 225 киши қурбон бўлганини маълум қилди. Бироқ назорат органининг вакили Серик Шалабаев «бу тахминий маълумот экани ва у ўзгариши мумкин» деб таъкидлаган.

Қозоғистон ҳукумати бу одамларнинг ўлим сабабларини очиқлаган эмас. Шу сабаб қозоғистонликлар январь воқеаси вақтида қурбон бўлганлар ҳақидаги маълумотларни маълум қилиб, уларнинг оиласига ёрдам бериш талаби билан петиция эълон қилишган. Петицияда ҳозирда 1000дан ортиқ имзо йиғилди.

Қозоғистондаги норозиликлар

Қозоғистондаги норозиликлар 2 январда ўлканинг ғарбидаги Янги-Ўзўн шаҳридан бошланган. У ерда турғунлар газ қимматлаганидан норози бўлиб, тинчлик акциясига чиқишган. Бир неча кундан кейин митингга бошқа шаҳар турғунлари ҳам чиқиб, иқтисодий талаблар сиёсий талабга айланган. Норозилар амалдаги ҳукуматни истеъфосини ва биринчи президенти Нурсултан Назарбаевнинг дахлсизлигини бекор қилишни талаб қилишган.

Митингда энг кўп «Чол, кет!» деган чақириқ айтилган. Натижада 5 январга ўтар кечаси Қозоғистон ҳукумати истеъфога кетган.

Митингчилар билан куч тизимларининг тўқнашуви Олмаотада бўлган. 5 январь куни намойишчилар Олмаота шаҳар маъмуриятини босиб олишган. ОАВда митингчилар президент Касим-Жомарт Токаевнинг Олмаотадаги давлат резиденциясига етганини ҳам ёзишган. Натижада у ерда ёнғин чиққан.

Бундан ташқари, митингчилир Олмаота аэропортини босиб олишган. Бироқ 6 январга ўтар кечаси ҳукумат ҳаво майдони бўшатилганини билдирган. Тадбиркорлар шаҳардаги йирик савдо марказлари талон-тарож қилинганини билдирган.

Касим-Жомарт Токаев Қозоғистондаги вазият сабаб Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотига ёрдам сўраб мурожаат қилди.

Норозиликлар тўхтамаётган вақтда Қозоғистон президенти Касим-Жомарт Токаев митингчиларни «террорист» деб атаб, «террористик хавфдан ўтиш» учун КХШТдан ёрдам сўраган.

6 январга ўтар кечаси Арманистон бош вазири ва КХШТ раиси Никол Пашинян ташкилот Қозоғистонга тинчликпарвар кучларни юбориш қарорини қабул қилганини билдирган.

11 январда Қозоғистон президенти Касим-Жомарт Токаев КХШТнинг тинчлик ўрнатиш кучларининг асосий миссияси тугаганини маълум қилган.