Лукашенко КХШТнинг Қозоғистондаги амалиётини Путин билан бирга ишлаб чиққанини билдирди

433

 АҚШ билан Европа иттифоқи Беларус президенти деб тан олишдан бош тортган Александр Лукашенко 16-январда КХШТнинг Қозоғистондаги операцияси Россия президенти Владимир Путин билан биргаликда ишлаб чиқилганини айтди. Лукашенконинг билдирувини «Белта» маълумот агентлиги тарқатди.

Лукашенконинг айтишича, бу амалиётнинг «майда деталларигача» ишлаб чиқиш учун Путин иккиси бир соат вақт сарфлаган.

«Фикрлар белгиланган. Шойгу ва Хрениннинг раҳбарлиги остида [Россия билан Беларусиянинг] мудофаа вазирликлари президентларнинг бу фикрини бош штабда синчиклаб ишлаб чиқиб, бир неча соатдан кейин Қозоғистонга биринчи самолётлар жўнаб кетган. Бари ҳеч бир камчиликсиз, тезкор равишда амалга оширилди», — деб билдирди Лукашенко Белоруснинг тинчлик ўрнатиш кучлари олдида сўзлаган нутқида.

Лукашенко қўшмаҳаракатлар «террористларни тўхтатиб», бутун дунёга тиғиз иттифоқ алоқаси, КХШТнинг салоҳияти ва қудрати кўрсатилганини қўшимча қилди.

6-январда Лукашенко митингга чиққан қозоғистонликлар ҳарбийлардан тиз чўкиб кечирим сўраши кераклигини ҳам айтган эди.

КХШТ ва Қозоғистондаги митинглар

Қозоғистондаги норозиликлар 2-январда ўлканинг ғарбидаги Янги-Ўзўн шаҳридан бошланган. У ерда турғунлар газ қимматлаганидан норози бўлиб, тинчлик акциясига чиқишган. Бир неча кундан кейин митингга бошқа шаҳар турғунлари ҳам чиқиб, иқтисодий талаблар сиёсий талабга айланган. Норозилар амалдаги ҳукуматни истеъфосини ва биринчи президенти Нурсултан Назарбаевнинг дахлсизлигини бекор қилишни талаб қилишган.

Митингда энг кўп «Чол, кет!» деган чақириқ айтилган. Натижада 5-январга ўтар кечаси Қозоғистон ҳукумати истеъфога кетган.

Митингчилар билан куч тизимларининг тўқнашуви Олмаотада бўлган. 5-январь куни намойишчилар Олмаота шаҳар маъмуриятини босиб олишган. ОАВда митингчилар президент Касим-Жомарт Токаевнинг Олмаотадаги давлат резиденциясига етганини ҳам ёзишган. Натижада у ерда ёнғин чиққан.

Бундан ташқари, митингчилир Олмаота аэропортини босиб олишган. Бироқ 6-январга ўтар кечаси ҳукумат ҳаво майдони бўшатилганини билдирган. Тадбиркорлар шаҳардаги йирик савдо марказлари талон-тарож қилинганини билдирган.

Касим-Жомарт Токаев Қозоғистондаги вазият сабаб Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотига ёрдам сўраб мурожаат қилди.

Норозиликлар тўхтамаётган вақтда Қозоғистон президенти Касим-Жомарт Токаев митингчиларни «террорист» деб атаб, «террористик хавфдан ўтиш» учун КХШТдан ёрдам сўраган.

6-январга ўтар кечаси Арманистон бош вазири ва КХШТ раиси Никол Пашинян ташкилот Қозоғистонга тинчликпарвар кучларни юбориш қарорини қабул қилганини билдирган.

11-январда Қозоғистон президенти Касим-Жомарт Токаев КХШТнинг тинчлик ўрнатиш кучларининг асосий миссияси тугаганини маълум қилган. Унинг айтишича, ўлканинг барча ҳудудида вазият барқарор, КХШТнинг контингентини чиқариш 10 кундан ортиқ вақт олмайди.

Ҳукумат норозилик акциясида ҳалок бўлган фуқароларнинг аниқ сонини бир неча кун очиқламай, ҳалок бўлган куч тизими ходимларининг сони бўйича аниқ маълумот берган. 15-январда Қозоғистон бош прокуратураси норозиликда умумий 225 киши қурбон бўлганини билдирган.

«Фавқулодда ҳолат режими вақтида ўликхоналарга 225 жасад келган. Уларнинг бир қисми террор ҳужумга қатнашган қуролли бандитлар. Ҳалок бўлганлар орасида 19 полиция ва ҳарбий хизматчи бор. Бироқ оддий турғунлар ҳам террор акти қурбони бўлди», — деб маълум қилган назорат органи.