Азимбек Бекназаров июнь воқеаси бўйича сўроқ бераётгани айтилди

445

Қирғизистоннинг Малайзиядаги элчиси Азимбек Бекназаров Бош прокуратурада 2010-йилдаги июнь воқеаси бўйича сўроқ қилинмоқда. Бу ҳақда «Азаттык» нашри ўз манбаларига таяниб ёзди.

Ҳозирча бош прокуратура Бекназаровнинг сўроғи бўйича маълумот бермади. Бекназаров 2010-йили муваққат ҳукумат раисининг ўринбосари бўлган — прокуратура ва молия полициясини бошқарган.

Назорат органи 2021-йилнинг декабрь ойида 2010-йилдаги июнь воқеалари бўйича «Ата Мекен» партияси лидери Омурбек Текебаевни, сиёсатчи Бектур Асановни, ўша вақтдаги МХДҚ раиси Кенешбек Дуйшўбаевни сўроқ қилган.

Маълумотга кўра, сиёсатчилар сўроққа гувоҳ қатори чақирилган. Ўша ватқда Текебаев вақтли ҳукумат раисасининг ўринбосари, Дуйшўбаев МХДҚ бошчиси, Асанов Жалолобод вилоятининг губернатори бўлган.

Текширувнинг жонланиши

2021-йилнинг 2-апрелида президент Садир Жапаров миллий хавфсизлик қўмитасига 2010-йилдаги июнь воқеаларига боғлиқ материалларни текшириб чиқишни топширган. 16-апрелда МХДҚ «июнь қўзғолони» бўйича тергов қайта жонланганини маълум қилган.

Махсус хизматдан текширув Қодиржон Ботиров ўлкадан чиқиб кетишига ноқонуний кўмаклашиш факти бўйича муваққат ҳукуматнинг хизмат ходимларига нисбатан ҳам олиб борилади деб билдиришган.

«Судгача текширув давомида 2010-йилнинг май-июнь ойларида Ўш ва Жалолобод вилоятларида оммавий тартибсизлик келиб чиқишига туртки бўлган сабаблар ва шартлар текширилади, вақтли ҳукумат аъзоларининг иш-ҳаракатларига сўнгги юридик баҳо берилади», — деган махсус хизмат.

Шунингдек, «фожиали воқеаларнинг олдини олиш» учун тегишли чора кўрмаган вилоят миқёсидаги мансабдорлар, куч тизимларининг етакчиларини ҳаракатларига ҳам баҳо берилишини қўшимча қилган.

Қодиржон Ботиров — жалолободлик тадбиркор, Қирғизистон жанубидаги ўзбек жамиятининг собиқ лидери сифатида танилган. 2010-йили у ўлкадан чиқиб кетган. Қирғизистон ҳукумати Ботировни миллатлар аро низони қўзғатишда айблаган.

Кейинчалик у «қуролли қўзғолончи» ва «миллатлар аро низони қўзғатган» деган айб билан сиртдан судланган. Унинг мулки мусодара қилиниб, умрбод озодликдан маҳрум қилинган. Ботиров 2018-йили декабрь ойида 62 ёшида Украинанинг Одесса вилоятида вафот этган.

Июнь воқеаси

2010-йилнинг 10-июндан 14-июнигача Ўш ва Жалолобод шаҳарларида этник ўзбеклар билан қирғизлар ўртасида жанжал чиққан — ўша кунлари Ўш билан Жалолобод кўчаларида комендантлик соати ва фавқулодда ҳолат эълон қилинган.

Минглаган бинолар ёқилиб, ҳарбий хизматчилар билан милициянинг қурол-яроғи ва махсус техникаси босиб олинган.

Июнь қўзғолонини ўрганган Кильюнен халқаро комиссиясининг маълумотига қараганда, қурбон бўлганларнинг сони 470 кишига етган.

Уларнинг орасидан 74% ўзбеклар, 25% қирғизлар, бир фоизини эса бошқа этник гуруҳнинг вакиллари тузган. Вафот этганларнинг 67%га яқини ўқдан яраланган. Моддий зарар 2,2 млрд деб баҳоланган.

Бош прокуратура июнь воқеаси бўйича 5 642 жиноий иш қўзғаган. Уларнинг энг кўпи «Ўғирлик», «Мулкни қасддан йўқ қилиш ёки зарар келтириш», «Автомобилни ёки бошқа автомототранспорт воситаларини ноқонуний эгаллаб олиш» ва «Қотиллик» моддалари билан қайд этилган.

Мазкур жиноятларнинг 360таси очилган — бу жиноятларнинг 6,3 фоизини ташкил қилади. Умумий 511 кишига айб қўйилган. 3919 жиноий ишнинг тергови вақтинча тўхтатилган ва 13 иш умуман тўхтатилган.

Ўлка бўйича 10 йил орасида судлар 470 кишига нисбатан 254 жиноий ишни кўриб чиққан. Улардан 440 кишига 224 иш бўйича ҳукм ўқилди. 28 иш бўйича 28 кишининг иши тўхтатилган. Шунингдек, бош прокуратурадан икки иш асосида икки одамга тиббий мажбурлаш чоралари қўлланилганини билдиришган.

Собиқ бош прокурор Аида Салянованинг айтишича, гумондорларнинг кўпи ўлкадан чиқиб кетгани сабаб қўн жиноят ишлари охиригача тергов қилинмаган. Ҳозирда қидирувда юздан ортиқ одам бор. Бундан ташқари, этник тўқнашувларни уюштирди деган гумон билан 37 киши халқаро қидирувга берилган.