Жогорку Кенеш депутати Адахан Мадумаров Бош прокуратурада сўроқ қилинмоқда. Бу ҳақда «Клооп»га бош назорат органининг матбуот хизмати билдирди.
Бироқ бош прокуратурадан халқ вакили қайси иш бўйича ким сифатида чақирилганини очиқламади. 24.kg сайтининг маълумоти бўйича, Мадумаров қирғиз-тожик масаласи бўйича гувоҳ қатори сўроқ қилинмоқда.
Жапаровнинг ваъдаси
Ўтган йилнинг 23-октябрида президент Садир Жапаров матбуот анжуманида 2009-йили Мадумаров, хавфсизлик кенгаши котиби бўлган вақтда протоколга қўл қўйганини айтган. Жапаровнинг айтишича, шу ҳужжат сабаб Душанбе Баткендаги бир участкага эгалик қилмоқчи.
«Мен айтяпман, бу ер юз йилдан бери биз Лайлакка ўтиб юрган йўл. Улар мана хавфсизлик кенгаши котиби Мадумаров имзолаган ҳужжат деб юзимга тақашмоқда. У [...] ўша 275 метр ер Тожикистонники эканини тан оламан, ҳа, сизларники деб берибдир, бироқ яна 49 йилга бизга ижарага бериб туринглар деб имзо қўйибди. Шу сабаб мана шу протокол билан сизлар 49 йилга ижарага олгансизлар демоқда. 12 йил ўтди, 37 йилдан кейин ё ёпамиз, ё қайта сўзлашувлар асосида давом эттирамиз деяпти. Мен ўша вақтда Мадумаровни қўл қўйишга ҳаққи бўлмаган, ҳеч ким унга ваколат бермаган, юридик томондан [бу ҳужжат] яроқсиз деб билдирдим. Сабаби икки ўлканинг ўртасида чегара масаласи қандай ҳал бўлади? Биринчидан, расмий турда икки ўлканинг ҳукуматлар аро комиссиялари ишлайди. Улар келишиб, шартномани имзоласа президентга келади, кейин ратификациялаш учун Жогорку Кенешга юборилади. Бошқа бирорта тизимни қўл қўйишга ҳаққи йўқ. Мен шунга таяниб бу протокол яроқсиз деб айтяпман. Бу ерда баҳсли масала йўқ, бошқа жойларга ўтайлик дедим. [...] Агар шу билан ҳал қилинадиган бўлса, унда 37 йил ҳам кўз очиб юмгунча ўтиб кетади. 37 йилдан кейин Лайлак тўлиқ анклав бўлиб қолади», — деган Жапаров.
Бу билдирувдан кейин ноябрда президент Баткен ерини сотган «сотқинларни» жавобгарликка тортишга ваъда берган. Мазкур фактлар бўйича сайловдан кейин текширув ўтказилишини айтган.
«Ҳозир сайлов жараёни бормоқда. Бу вақт сўроқ қилолмаймиз. Сайловдан кейин сўроқ қилиб, диққат билан текшириб, айбдорларни майли ким бўлмасин жавобгарликка тортамиз. Сотқинлар, хиёнаткорлар учун муддат чекланмаслиги керак», — деб билдирган Жапаров.
Орадан ўн йил ўтиб, 2019-йили МХДҚ бу протоколни текшира бошлаган. Мадумаров ўзи бу ҳужжатга қўл қўйиш бўйича қарор бўлганини билдириб, буни танқид қилаётганларни очиқ дебатга чақирган.